Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2021 йил 15 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2019-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ахборотлари эшитилди.
Ахборотда қайд этилганидек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2019-2021 йилларда юклатилган вазифлар доирасида йирик давлат монополиялар, бозор иштирокчилари ҳамда давлат органларининг 14,5 мингдан ортиқ турли рақобатга зид ҳаракатлари бартараф этилган. Натижада 37 минг тадбиркорлик субъектларининг жами 380 млрд сўмга тенг манфаатлари ҳимоя қилинган.
Ушбу даврда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органларининг 2,4 мингта рақобатга зид қарорлари бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан биргаликда эркин рақобат шароитида фаолият юритишни таъминлаш бўйича иқтисодиётнинг 8 та базавий тармоқларида рақобат муҳити ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказилган. Шунингдек, ҳудудларда рақобат муҳитини яхшилаш мақсадида Қашқадарё ва Наманган вилоятларида рақобат муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш учун мавжуд заҳиралар ҳамда истеъмолчилар учун танлов имкониятларини ошириш бўйича ўрганилиб, натижалари Сенат қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинган ва тегишли қарорлар қабул қилинган.
Шу билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ масалалардаги 9,8 млн нафар истеъмолчиларнинг қарийб 192 млрд сўм миқдоридаги манфаатлари ҳимоя қилинган.
Акция ва улушларни олишда 8,5 трлн сўмлик 320 дан ортиқ битимга олдиндан розилик берилди, шундан 60 фоизи ёки 5,1 трлн сўмлик битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади, шунингдек,
25 та йирик давлат иштирокидаги корхона, давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органларида монополияга қарши комплаенс тизими жорий қилинган.
Биржалар орқали сотилиши таъминланган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар сони 27 тадан 45 тага етказилди, натижада тадбиркорларга қўшимча 140,7 трлн сўмлик маҳсулотларни сотиб олиш имконияти яратилган.
Давлат харидлари доирасидаги тендер (танлов) савдоларида 9,4 мингта рақобатни чекловчи омилларнинг олди олинган ва натижада 1,6 трлн сўм бюджет ва корпоратив маблағларини иқтисод қилишга имконият яратилган.
Қонун ҳужжатларини рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси жорий қилиниб унинг асосида вазирлик ва идоралар тайёрлаган 822 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 68 фоизида рақобатга зид нормалар бартараф этилган, давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимлик органларининг 2,4 мингта рақобатга зид қарорлари бекор қилинган.
Рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами
17,8 мингта ҳолатда аниқланган турли камчиликларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган ҳамда 277 та ҳолатда интеллектуал мулкни ҳуқуқлари чекланиши билан боғлиқ ноҳалол рақобатнинг олди олинган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар қаторида 100 дан ортиқ товар бозорида монополия ҳолати сақланиб қолмоқда, шу жумладан, металлургия, нефтни қайта ишлаш, кимё, автомобил саноати ва машинасозлик, тоғ-кон саноати, мобил алоқа ва интернет соҳаларида ҳамда йирик табиий монополия соҳаларининг атрофидаги ёндош бозорлар ҳам улар томонидан эгаллаб олинганлиги кузатилаётганлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда 60 та соҳада айрим хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар берилган бўлиб, буни оқибатида сунъий монополиялар вужудга келган.
Амалдаги рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида рақобатга қарши ҳаракатларнинг турли кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларнинг етарлича такомиллашмасдан қолаётганлиги билдирилган.
Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши асосий кўрсаткичларини тизимли равишда таҳлил қилиб бориш орқали рақобат муҳитига салбий таъсир қилувчи омиллар ва тизимли муаммоларни бартараф этиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Маҳаллий ва импорт товарлар нархларини асоссиз ошириш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар етарли самара бермаётганлиги маълум қилинган.
Мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг монополияга қарши курашишни тартибга солиш ҳамда рақобатни ривожлантириш соҳасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияларини назарда тутувчи тегишли қарори қабул қилинди.