Табиий монополия субъектларини тартибга солиш йўналишида Монополияша қарши курашиш қўмитасига келиб тушган мурожаатлар юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича маълумот бериб ўтаман.
2021 йилнинг 1-ярим йиллигида жами 376 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, жами 7 млрд. 600 млн сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Мисол учун, Қўмита томонидан “Билол Замин Малҳами” МЧЖнинг мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатда баён қилинган ҳолатлар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖдан сўров асосида маълумотлар олиниб, таҳлили қилинди ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари Қўмитанинг махсус комиссиясида 2021 йил 15 июнь куни кўриб чиқилди.
Кўриб чиқиш натижасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунинг 16- модда учинчи ва тўртинчи хатбошиси талаблари бузилганлиги аниқланиб, мазкур қонунбузилиш ҳолатларини тухтатиш ва келгусида йўл қўймаслик, қонунбузилиш натижасида ҳисобланган 72 193 074 сўмлик асоссиз хизмат хақини ҳисобдан чиқариш бўйича қарор ва кўрсатма берилди ҳамда асоссиз ҳисобланган даромад“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Табий монополияларни тартибга солиш бошқармаси томонидан яна бир ўрганиш натижалари билан таништириб ўтаман. 2020-йил ҳамда 2021-йилнинг 6 ойи давомида оилавий корхоналарга электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва ичимлик суви тарифларининг тўғри қўлланилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилганда, белгиланган тарифларнинг нотўғри қўлланилиши натижасида ҳисобот даври давомида республика бўйича 1100 га яқин оилавий корхоналардан 1 миллиард 503 миллион сўм асоссиз даромад олинганлик ҳолатлари аниқланган. Шу жумладан табиий газ бўйича 50 та оилавий корхонадан 272 миллион 900 минг сўм, электр энергияси бўйича 915 та оилавий корхонадан 1 миллиард 204 миллион сўм, сув таъминоти бўйича 134 та оилавий корхонадан 26,5 млн сўм.
Мисол учун, Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ тақдим этган маълумотлар таҳлил қилинганда, 40 та оилавий корхоналардан Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддаси талабларига риоя этилмаганлиги натижасида, Жамият томонидан 2020 йил 2021 йил 4 ойи давомида жами 106 904 585 сўм ортиқча хақ олинганлиги аниқланди. Шундан сўнг, ҳудудий бошқарма томонидан “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, кўриб чиқилди. Ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 60 та оилавий корхоналарнинг асословчи ҳужжатларини ўрганиб чиқилиб, шулардан 29 та оилавий корхонага 99 643 967 сўм қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Бундан ташқари, “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан мавжуд оилавий корхоналарга етказиб берилаётган электр энергияси нархлари юқорида келтирилган қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилган ва 41 та истеъмолчилардан ортиқча олинган жами 172 863 727 сўм пул маблағлари истеъмолчиларга қайтарилган ва шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритилган.
Ҳурматли тадбиркорлар! Агар сиз ҳам шу каби муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз Қўмитамизга мурожаат этишингизни эслатиб ўтамиз!
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати