Жорий йилнинг 25 ноябрь санасида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилотининг (ОЭСР) (кейинги ўринларда – ИҲРТ деб аталади) вакиллари ҳамда бир қатор мамлакатларнинг монополияга ва коррупцияга қарши курашиш органлари раҳбарлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шарахметов Шахрух Шатургунович иштирокидаги дастлабки учрашувда “Рақобатбардошликни таъминлашнинг адолатли бозор шартлари” лойиҳасига старт берилди.
Мазкур учрашувда, ИҲРТ экспертлари томонидан Жазоир, Хорватия, Саудия Арабистони, Сербия, Жанубий Африка давлатлари билан бир қаторда Ўзбекистоннинг товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини янада яхшилашга, коррупцияга қарши курашишни жаддалаштиришга ва тадбиркорлик субъектлари учун юқори даражали рақобатбардош майдон яратишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳамда ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди, шу жумладан, ИҲРТнинг Марказий Осиё бўлими раҳбари Грегори Лекомте ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёдаги энг яхши ислоҳотчи давлат эканлигини билдирди.
Шунга кўра, ИҲРТнинг кенг кўламли лойиҳасини татбиқ этиш учун ИҲРТнинг вакиллари томонидан юқорида келтирилган давлатларда монополияга ва коррупцияга қарши курашишни илғор халқаро тажрибага мувофиқ амалга оширилишини йўлга қўйиш мақсадида юқорида келтирилган олтита давлат танлаб олинганлиги маълум қилинди ҳамда мазкур лойиҳани Ўзбекистон Республикасида татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланди.