Монополияга қарши курашиши қўмитаси томонидан сайёр қабул орқали тадбиркорлар билан ўтказилаётган учрашувларнинг бирида Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган “Насаф олтингугурт кимё” МЧЖ раҳбари буғдойни экспорт қилишда темир йўл тарифига чегирмалар назарда тутилган бўлсада, “Қарши минтақавий темир йўл узели” УК томонидан мазкур чегирмалар инобатга олинмасдан юқори тарифлар қўлланилаётганлиги ва ушбу масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат этган.
Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида, Экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссиясининг 2019 йил 13 сентябрдаги 15-сон баёнига мувофиқ экспорт қилувчи корхоналарга буғдой ва ун маҳсулотларини экспорт қилишда темир йўл тарифлари бўйича имтиёзлар белгиланганлиги аниқланди.
Шунингдек, “Қарши темир йўл узели” УК томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ топшириғига асосан 2019 йил 22 октябр куни юк жўнатувчи “Насаф олтингугурт кимё” МЧЖга 800 тонна бўғдой учун темир йўл тарифига 0,55 коэффициент қўллаб чегирма берилиши шартлиги маълум бўлди. Лекин ушбу чегирма амалда тадбиркорга қўлланилмаган.
Шунга асосан, “Қарши темир йўл узели” УК томонидан ихтиёрий равишда “Насаф олтингугурт кимё” МЧЖга буғдой экспорти учун темир йўл тариф бўйича ҳисобланган 120 048 483 сўм хизмат ҳақи тегишли чегирма имтиёзларни қуллаган холда қайта ҳисоблаб чиқилиб, ҳақиқатда тадбиркор 66 026 666 сўм хизмат ҳақи тўлаши лозимлиги аниқлаган. Натижада 54 021 817 сўмлик ортиқча олинган тўлов “Насаф олтингугурт кимё” МЧЖга қайтариб ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати