Дарҳақиқат, сотувчининг гапи тўғри деб ўйларсиз, аммо…
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарори Чакана савдо қоидаларида 12 та зарур сифатдаги қайтариб олинмайдиган ва шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатида мебель ҳам бор. Лекин бунинг битта қатъий қоидаси бор – товар сифатсиз бўлса харидор уни алмаштиришга ҳақли.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Альбина Бакиева 4 миллион 200 минг сўмга «Зарина» дўконидан уйига мебель жиҳозига буюртма берди. Белгиланган муддат бўйича келтирилган юмшоқ мебель умуман каталогда танланганидек эмас, аксинча беўхшов, сифатсиз, ўлчамлари ҳам нотўғри олингани сабаб хонадон меҳмонхонасига тўғри келмади.
Буни буюртмачиларнинг ўзлари ҳам кўргач, камчиликларини қайтадан тузатиб беришларини айтиб уни олиб кетишди. Қайта таъмирланган диван ва креслолар эса олдингисидан қолишмайдиган даражага етганди.
Истеъмолчининг кайфияти бузилиб унга сарфлаган пулига, ўтказган вақтига ачиниб қолди. Устига- устак мебелни сифатлисига алмаштириб бериш ҳақидаги илтимосини хизмат кўрсатувчилар эшитишни хоҳлашмагани унга ортиқчалик қилди. Дўконга қатнайвериб, қайта-қайта телефон қилавериб чарчади.
Шундан сўнг А. Бакиева ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига тушган мурожаат Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига йўналтирилди. Мурожаат Агентлик мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди ва истеъмолчининг ҳақлиги маълум бўлди. А.Бакиеванинг хоҳишига кўра нуқсонли мебелга тўланган пул эгасига, мебель эса «KovalCalina trade» хусусий корхонасига қайтарилишига эришилди.
ЭЪЛОН: Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг расмий сайти ишга туширилди.