Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги «Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан, яна иккита хўжалик юритувчи корхоналар яъни, «Қизилқум цемент» ва «Асака банк» Акциядорлик жамиятларида Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2019 йил 19 мартдаги «Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикасини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2021 йил 1-ярим йилликда Кармана, Хатирчи, Учқудуқ, Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳар ҳокимликларининг қабул қилган қарор, фармойиш, йиғилиш баёнлари ва алоқа хатлари хатловдан ўтказилди. Ушбу шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан чиқарилган ва қабул қилинган жами 12617 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилди. Натижада, 32 ҳолатда қонун бузилиш аломатлари аниқланиб Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси томонидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йилнинг 1-ярим йиллигида юридик шахслардан келиб тушган мурожаат бўйича 1 161 525 738 минг сўм маблағ қайтарилди. Хусусан, “MILK FOOD TRADE” МЧЖга 331 224 300 сўм, “KINORI СА» МЧЖга 428 355 000 ва “LOKOMOTIV ISTIROHAT BOGI” МЧЖга 258 750 000 сўм ҳисобидаги қайтаришга эришилган маблағлар истеъмол қилинган электр энергияси учун қўлланилган нотўғри тарифлар ва асоссиз қарзлар бўлган.
Дастуримизни тендер савдолари билан боғлиқ маълумотлар билан давом эттирамиз. Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жорий йил 1-ярим йилликда ҳудудда ўтказилган жами 398 миллиард 700 миллион сўмлик 180 дан ортиқ савдолар ўрганилди ва уларнинг 120 тасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, 26 та буюртмачиларга нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда 22 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик кўриш учун тўпланган ҳужжатлар суд органига юборилди. Бундан ташқари, 10 ҳолатда қатнашчилар орасида афилланганлик ҳолатлари топилиб, маълумотлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигига берилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги қарорига асосан, жами 251 миллиард 400 миллион сўмлик 71 та танлов савдоларида иштирок этиб, бюджет маблағларидан 20 миллиард 600 миллион сўм иқтисод қилинишга эришилди.