Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамаси regulation.gov.uz сайтида маҳаллий ҳокимликлар томонидан жойлаштирилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мунтазам равишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўрганиб борилмоқда.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган туман ва шаҳарлар ҳокимларининг юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича қарорлари лойиҳаларида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талабларига зид нормалар кузатилди.
Хусусан, айрим қарор лойиҳаларида автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун аниқ бир корхонани кўрсатиш ҳолатлари учраган.
Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани ҳокимлигининг қарор лойиҳасида “Шуманай Шабандоз транс” МЧЖ, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида “Умид автотехсервис” МЧЖ ва Дўстлик туманида “Тохирбек сервис” МЧЖ ҳамда “Али оил” КТХФ, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида “L-Lada” ОКлари шу ҳудудлардаги жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойи сифатида белгиланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 12-моддасига кўра, Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериши, айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши тақиқланган.
Ўрганиш натижалари бўйича 20 та шаҳар ва туманлар ҳокимлари қарор лойиҳалари юзасидан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш Методикаси асосида тегишли хулосалар юборилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот ҳизмати