Кундалик турмуш ҳаётимизда газ, электр, совуқ сув ва иссиқ сув етказиб берувчи ташкилотлар билан боғлиқ турли муаммоли вазиятларга дуч келамиз. Улардан бири бу асоссиз қарз ҳисобланиши. Шундай муаммога тўқнаш келганда қаерга мурожаат этишни эса ҳамма ҳам билавермайди.
Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Ойбек кўчасида истиқомат қилувчи ёши улуғ бўлган Шоира Сапаева, 4 йил давомида сув таъминоти корхонасига қатнайвериб чарчаган. Муаммо: асоссиз қарздорликдан қутилиш.
ШОИРА САПАЕВА – истеъмолчи
- 2010 йилда, айрим сабабларга кўра, хонадонимизни газ, свет ва сув таъминотидан узиб қўйишган. Бир неча йил ўтиб эса, бизга ўша давр учун бизга қарз ёзиб кетишди. Газ ва электр энергияси учун ёзилган асоссиз қарзни МИБ ходимлари қайта ҳисоблаб олиб ташлашди, лекин совуқ сув учун қарзни ечишни иложи бўлмади. Сув таъминотига бир неча маротаба қилган мурожаатларим жавобсиз қолди. Якунда менга йўқ сувга 1 млн 800 минг сўм тўлашим кераклигини айтишди.
Ҳа шунақасиям бўларкан. 2010 йилда хонадон сув таъминотидан узилган бўлса ҳам, қарз ёзилган. Ўринли савол туғилади. Бу нима? Маъсулиятсизлик? Эътиборсизлик? Ёки баъзи мутасадди ташкилотларнинг ишга совуққонлик билан қарашими? Йўқ жойдан қарзи бўлмаган истеъмолчиларга муаммолар келтиришнинг ўзи нима?
АЗАМАТ СОБИРОВ – Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи
- Биз Урганч шаҳрида яшовчи истеъмолчи Шоира Сапаева мурожаати бўйича олиб борган ўрганишлар давомида, хонадон 2010 йилдан бери сув таъминотидан узилганлиги аниқланди. Бу муаммо юзасидан сув таъминотига расман мурожаат этдик ва асоссиз қарзни олиб ташланишига эришдик.
Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўриб чиқилган бу каби муаммолар кўпгина. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича ўтган йил давомида истеъмолчилардан 632 та мурожаат келиб тушган бўлиб, фуқаролар фойдасига умумий қийматда 40 млн 193 минг сўм қайтаришга эришилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Базар Елемасова билан содир бўлган воқеага эса кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан.
Ўтган йилнинг ёз ойларида, пандемия шароитида уй ишларини қилишни режалаштирган истеъмолчи кийим ва уйдаги гиламларни ювмоқчи бўлади. Эътиборлиси, хонадонга сув учун ҳисоблагич ўрнатилган бўлган. Хуллас, ювиш ишлари билан банд бўлган хонадон эгаси ёнига, «Қорақалпоқ сув таъминоти» МЧЖ вакиллари келиб, Базар Жумахановна қилаётган иш қонун-қоидаларга зид эканлигини айтиб, унга 1 млн 115 минг сўм жарима ёзиб кетишади. Бунга асос қилиб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни келтиришади. Лекин, ушбу қарорда сувни уй ишларида ишлатиш мумкинмаслиги ҳақида ҳеч нарса ёзилмаганини эътиборга олишмайди. Якунда, истеъмолчи таъминотчи билан қилган мулоқоти давомида ҳеч қандай натижа чиқмагач, Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этади.
АЗИЗ АЙБЕРГЕНОВ – Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бош мутахассиси
- Ўрганиш натижасида тузилган баённома истеъмолчи иштирокисиз ва ноқунунийлиги аниқланди. Бу ҳақда сув таъминотчисига ўрнатилган тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, хонадонга ўрнатилган сув ҳисоблагичи давлат қиёсловидан ўтганлиги ва унинг кўрсатгичи асосида ҳисоб-китоб қилиниши тушунтирилди. Таъминотчи ўз айбини тан олиб, белгиланган жарима билан боғлиқ муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
Ўрганилган ҳар бир мурожаат истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги ўзига хос қизиқарли воқеаларга сабаб бўлади. Агар сиз хўжалик юритувчи субъект бўлиб шу каби муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз, унда Монополияга қарши курашиш қўмитасига, жисмоний шахс бўлсангиз Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат этишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати