Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Р. Абдуллаев Қўмитага мурожаат этиб, “Тошиссиққуввати” ДУК томонидан унинг хонадонига ўрнатилган иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобини давлат қиёсловидан ўтказиш муддати ўтганлиги тўғрисида белгиланган тартибда билдиришнома тақдим этилиши таъминланмаганлигига қарамасдан, фуқаронинг манзили бўйича иссиқ сув учун ҳисоб-китоблар 2019 йилнинг 1 декабридан бошлаб рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича амалга оширилаётганлигидан норозилигини билдириб, мазкур масала юзасидан амалий ёрдам беришни сўраган.
Ушбу мурожаатдаги ҳолатни ўрганиш жараёнида, истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини давлат қиёсловидан ўтказиш муддати ўтган бўлсада “Тошиссиққувват” ДУК томонидан истеъмолчига ҳисобга олиш асбобини ўрнатилган тартибда давлат қиёсловидан ўтказиш муддати келганлиги ҳақида расмий равишда огоҳлантириш хати юборилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сонли қарори билан тасдиқланган Юридик ва жисмоний шахсларнинг ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 7-банди иккинчи хатбошисида талабгорнинг таъминотчи корхона томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслиги ҳисобга олиш ускуналарини ўз вақтида қиёсловдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармаслиги белгиланган.
Қўмита томонидан “Тошиссиққувват” ДУК юқорида келтирилган тартиб талаблари бузилганлиги ҳамда фуқаро Р.Абдуллаевга иссиқлик таъминоти хизматлари учун асоссиз равишда рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича нотўғри қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланиб, “Тошиссиққувват” ДУКга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Бунинг натижасида “Тошиссиққувват” ДУК томонидан кўрсатиб ўтилган қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилди ва фуқаро Р. Абдуллаевнинг фойдасига 1 847 847,39 сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди ва фуқаронинг манфаати ҳимояланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати