Сир эмас, ханузгача истеъмолчиларнинг етказиб берилган табиий газ учун олдиндан тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда, асоссиз қарздорликлар ҳисобланётгани тўғрисидаги мурожаатлари камаймаяпти. Эътиборингизга навбатдаги ҳолатларни ҳавола қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳрида жойлашган “Темп пластик” МЧЖнинг мурожаати ўрганиб чиқилди.
Мурожаатда айтилишича, жамият 2017 йил 1 августда вилоятнинг газ етказиб берувчи ташкилоти билан шартнома тузган. Маълумки, 2019 йилнинг 15 августидан табиий газ учун тарифлар ошди ва табиийки етказиб берилаётган табиий газ учун тарифлар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бироқ, “Темп пластик” томонидан олдиндан тўланган тўлов негадир ҳисоб-китобларда кўрсатилмади.
Жамият томонидан “Худудгаз Самарқанд” корхонасига ушбу тўғрисида бир неча бор мурожаат қилинган, бироқ натижа бўлмаган. Аксинча, газ етказиб берувчи корхона томонидан жамиятга нисбатан 40 млн. 538 минг сўмлик ноқонуний қарздорлик ҳисобланди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22 – сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”ни тўғридан-тўғри бузилиши деб ҳисобланади.
Худди шу каби ҳолат Тойлоқ туманида ҳам содир бўлган. Ҳудудий бошқармага “Хумоюн газ инвест” МЧЖнинг мурожаати тушган. Ушбу мурожаатда ҳам “Самарқанд вилояти бўйича газ таъминот ҳудудий филиали” корхонаси томонидан жамиятга нисбатан 4 499 794 сўмлик қарздорлик ҳисоблангани, жамиятнинг олдиндан тўлаган тўлови ҳисобга олинмагани ва ушбу тўғрисидаги бир неча бор қилинган мурожаатлар жавобсиз қолгани баён қилинган.
Вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, вилоят газ таъминоти корхонасига ноқонуний ҳисобланган қарздорликларни истеъмолчиларнинг ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма берилди. Кўрсатмага асосан, ҳисобланган қарздорликни қайтариш бўйича таққослама далолатномалар тузилди ва “Фассо” дастурига тегишли тузатишлар киритилди.