Наманганлик истеъмолчи хонадонида ичимлик суви бўлишини 20 йилдан ошиқ муддат кутди.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Норин дарёси, ўзининг чин маънода сувнинг тозалиги билан машҳур. Ҳатто унинг жўшқинлиги ҳақида Саид Аҳмаднинг “Уфқ” асарида ҳам ўқиш мумкин. Асарнинг ёзилганига бир неча ўн йиллар ўтган бўлсада, дарё ўзининг тез оқарлиги ва софлигини йўқотмаган. Бундан ташқари дарё Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарадан ўтган. Бу ерларга келган одам албатта дарё бўйида дам олишни ният қилади, лекин, туб аҳоли бу дарёга кўпроқ бошқа мақсадни кўзлаб келади. Уларнинг қаторида ана шу маҳаллада истиқомат қилувчи Қаҳрамон Мелиев ҳам бор. Маҳалла нуронийси шу вақтга қадар дарёдан ичимлик суви сифатида фойдаланган.
ҚАҲРАМОН МЕЛИЕВ – истеъмолчи
- Бу ҳовлини 1998 йилда харид қилиб кўчиб келганман. Ўшандан бери бизда сув муаммоси бор эди. Каналдан ёки ариқдан олишимизга тўғри келарди. Ушбу муаммони ҳал этишда ёрдам сўраб бир нечта ташкилотларга бордим, натижа бўлмади. Шундан сўнг, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат этдим.
Ҳудудий бошқарма томонидан ваколат доирасида олиб борилган ўрганишлар натижасида мурожаатчининг хонадонидан ташқари, маҳаллада яна бир нечта уй эгаларининг тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолари борлиги аниқланди.
ЗУЛФИЯ ДАМИНОВА – “Қумқўрғон” МФЙ раиси
- Ҳақиқатда маҳалланинг 15 та хонадонида ичимлик суви билан боғлиқ муаммо бор эди. Шунда, маҳалла оқсоқоллари билан келишган ҳолда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат этдик. Улар томонидан қисқа муддат ичида тегишли ишлар олиб борилиб, ҳозирги кунда муаммоимиз ҳал этилди.
БОҲОДИР ЮСУПЖОНОВ – Қўмита ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари
- Бу муаммони ҳал этиш мақсадида, маҳаллий ҳокимият, сув таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда бу ерга қўшимча 100 метр 76 ммлик ва 100 метр 50 ммлик труба зарурлиги аниқланиб, буни ҳал этиш учун, ҳомийлик ташкилотлари, ҳокимият ва сув оқава ташкилоти билан бирганликда муаммо ҳал этилиб, натижада, ушбу маҳалладаги 15 та хонадон ичимлик суви билан мунтазам таъминланди. Ўрнатилган тартиб уларга сув ўлчагичлари ҳам ўрнатилди. Ҳар бир хонадонда абонент рақамлари очилди.
Маҳаллада бу билан ободонлаштириш ишлари тўхтаб қолгани йўқ, маҳаллада эндиликда йўлларни текислаш ҳамда асфальт қилиш режалаштирилган.
#сув_ҳаёт_манбаи
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати