16.02.2026
Хўжалик юритувчи субектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир, сҳунингдек хўжалик юритувчи субектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битим (ҳаракат)ларга олдиндан розилик олиш бўйича аризаларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш
ТАРТИБИ
Ушбу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар:
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни (26-27 моддалар);
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.05.2024 йилдаги “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 256-сон қарори 5-иловаси билан тасдиқланган Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги Низом.
Мурожаат қилиш тартиби:
Олдиндан розилик олиш талаб этиладиган иқтисодий концентрацияни амалга ошириш чоғида шахслар ёки шахслар гуруҳи бу ҳаракатлар бажарилгунига (битимлар тузилгунига) қадар монополияга қарши органга ариза билан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон равишда ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган паспортларга мувофиқ тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.
Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:
- Ариза. Аризада қуйидагилар кўрсатилади:
– аризачи (инвестор) — акцияни (улушни) олувчи жисмоний шахс (норезидент бўлган жисмоний шахс) учун — Ф.И.О., ЖШШИР, телефон рақами, электрон почта манзили ва ўзининг бошқа хўжалик юритувчи субектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида маълумотлар;
– аризачи (инвестор) — акцияни (улушни) олувчи юридик (шу жумладан, норезидент бўлган юридик шахс), қўшиб олиш битимида иштирок этувчи юридик шахслар учун — номи, СТИР, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, телефон рақами, электрон почта манзили, муассислари (қатнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори, унинг бошқа хўжалик юритувчи субектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида маълумот ҳақидаги маълумотлар;
– устав фондидан акция (улуш) олинаётган ёки қўшиб олинадиган (юбориладиган) хўжалик юритувчи субект номи, СТИР, юридик манзили, телефон рақами, электрон почта манзили, устав фондидан инвестор (акция (улуш) олувчи шахс) томонидан олинадиган акциялар (улушлар) миқдори, устав фондига талабгор томонидан киритиладиган мол-мулкнинг қиймати, муассислари (қатнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори кўрсатилган маълумотлар;
– устав фондидан акция (улуш) олинаётган ёки қўшиб олинадиган (юбориладиган) хўжалик юритувчи субектнинг бошқа хўжалик юритувчи субектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида маълумотлар.
Битим иштирокчилари томонидан аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим:
норезидент бўлган жисмоний шахс учун — паспортнинг кўчирма нусхасини;
норезидент бўлган юридик шахс учун — давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;
битим тарафларининг ариза берилган кундан аввалги икки йил давомидаги ёхуд агар фаолият икки йилдан кам муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат давомидаги фаолияти турлари, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;
битим тарафларининг ўтган икки календар йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботлари, бунда ҳисоботлар назорат қилувчи органга ҳисоботни топширилганлигини тасдиқловчи маълумот билан тақдим этилиши, чет тилидаги ҳисоботлар расман давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши лозим (чет эл юридик шахслари томонидан статистика ҳисоботлари талаб этилмайди);
шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни, бундай шахсларнинг ушбу шахслар гуруҳига кириш асослари кўрсатилган ҳолда;
шахслар ёки бир гуруҳ шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларининг (улушларининг) 25 фоиздан кўпроғига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш орқали ҳақиқатда назорат қиладиган жисмоний шахслар — асосий бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумот.
Аризани кўриб чиқиш муддати:
Агар ҳаракат (битим) рақобатга таъсир қилмаса, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатга олинган пайтдан эътиборан ўттиз календар кундан кечиктирмай.
Агар ҳаракат (битим) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ўрганиш ўтказиш учун аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Мурожаатни кўриб чиқиб, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим:
Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори- базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баравари миқдорида;
лдиндан розилик берилганлиги учун битим тарафларининг охирги календар йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда — активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин БҲМнинг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда йиғим ундирилади.
Қайси ҳолатларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилади?
хўжалик юритувчи субектни қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш орқали қайта ташкил этишда;
шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган акциядорлик жамияти овоз берувчи акцияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда;
шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан масъулияти чекланган жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда.
Иқтисодий концентрация бўйича монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги юқорида назарда тутилган ҳолатларда қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлганда олинади:
битимларда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субектлардан бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календар йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календар йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси).
Агар сизда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш тартиби юзасидан саволларингиз бўлса, унда тегишли тушунтириш олиш учун Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Иқтисодий концентрация ва иқтисодиётда давлат иштирокини назорат қилиш бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефон: 71-207-47-00 (ички рақами: 260, 273, 305)

