7 сентябрь куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган Монополияга қарши сиёсат бўйича Давлатлараро кенгашнинг 53-йиғилишида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметов ва Россия Монополияга қарши Федерал хизмати раҳбари М.Шасколский ўртасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Музокараларда монополияга қарши тартибга солишнинг долзарб масалалари, биржа фаолиятини назорат қилиш ҳамда озиқ-овқат бозорларида нархларни тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Россия Федерал Монополияга қарши хизмати ўртасида рақобат сиёсати соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди.
Меморандум имзоланишидан асосий мақсад, томонлар рақобат сиёсати соҳасида, шунингдек, монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини текшириш ва кўриб чиқиш, давлат харидлари ва биржа савдолари соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.