Жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ҳамда Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги раҳбарияти ҳалқаро ва хорижий ташкилотлар вакилларини қабул қилдилар.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги раҳбариятининг дастлабки учрашуви Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) Президенти доктор Маримуту Надасон билан бўлиб ўтди.
Consumers International – халқаро ташкилот ҳисобланиб, дунё бўйлаб 120 мамлакатда жойлашган 250 дан ортиқ ташкилот ва истеъмолчилар гуруҳларини ўз ичига олади.
Томонлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасининг ҳозирги ҳолати тўғрисида фикр алмашдилар ва халқаро илғор тажрибаларни жорий этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Қирғизистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Монополияга қарши тартибга солиш давлат агентлиги директори Шухрат Собиров, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) вакиллари Олег Прусаков ва Марина Кочнева ҳамда Халқаро истеъмолчилар Конфедерацияси кенгаши (КонфОП) раиси Дмитрий Янин билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
Юқоридаги ташкилотлар вакиллари Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигини алоҳида давлат органи сифатида ташкил этилганини қўллаб-қувватлашларини ҳамда Агентлик фаолиятини янада ривожлантиришда ва келгусида ҳамкорлик қилишда амалий ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Бундан ташқари, “Роспотребнадзор” вакиллари тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишга алоҳида қизиқиш билдириб, Ўзбекистоннинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги МДҲ битимига қўшилиши тарафдори эканликларини маълум қилдилар.
Давра суҳбати доирасидаги якуний учрашув Корея истеъмолчилар агентлиги вакиллари билан бўлиб ўтди, суҳбат давомида Корея ташкилоти билан 2014 йилда Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Давлат рақобат кўмитаси) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик битимини тузилганлиги таъкидланди ҳамда ушбу битимни эндиликда ўзаро Агентликлар ўртасида янгиланган шаклда тузиш масалалари ўрганилди.
Учрашув якунида ҳамкасблар Агентликлар ўртасида электрон тижорат, тиббиёт, туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишлари ва тадқиқот лабораторияларида маҳсулотларни синовдан ўтказиш борасида тажриба ва маълумот алмашинуви учун алоқаларни ўрнатиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг ахборот хизмати