Қўмитага Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани, Халқабод маҳалласи жойлашган “Акбар Анвар Келажаги” МЧЖ томонидан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда 2020 йилнинг 29 сентябр куни Сурхондарё вилояти Бандихон тумани “Бектепа” маҳалласидаги кичик саноат зонаси ҳудудини 1,046 км автомобил йўли қурилиши билан ободонлаштириш объекти бўйича тендер савдолари бўлиб ўтганлиги, савдоларда “Акбар Анвар Келажаги” МЧЖ ғолиб деб топилганлиги, бироқ Ҳалқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг 2020 йил 10 ноябрдаги 139/VI-16-сонли қарори билан мазкур объектни қурилиши асоссиз равишда бошқа корхонага берилганлиги сабабли ушбу ҳолатни ўрганиб корхонага амалий ёрдам бериш сўралган.
Қўмита томонидан масала ўрганиб чиқилиб, Ҳалқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг 2020 йил 10 ноябрдаги 139/VI-16-сонли қарори билан мазкур объектни қурилиши бошқа корхонага берилганлиги Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига зид эканлиги аниқланди.
Қонуннинг 12-моддасига асосан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериши, айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши, айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаши тақиқланади.
Қонуннинг 14-моддасига асосан танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан, савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш тақиқланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган монополияга қарши талабларнинг бузилиши танлов (тендер) савдоларининг қарорларини ва шу савдолар натижалари бўйича тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасига асосан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан белгиланган тартибда бекор қилиниши белгиланган.
Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига мурожаат қилиниб, Ҳалқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг 2020 йил 10 ноябрдаги 139/VI-16-сонли қарорини бекор қилиш масаласини кўриб чиқилиши ҳамда Ҳалқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашига келгусида бундай қарорларни қабул қилмасликлари юзасидан тегишли кўрсатма бериш сўралган.
Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан ўрганиб чиқилиб, Ҳалқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан қонунчилик талабларига зид равишда қарор қабул қилинганлиги ўз тасдиғини топган ва ушбу қарор бекор қилинган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини, ваколати доирасида муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш чоралари кўрилиши ҳақида маълум қилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матубот хизмати