Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри мактабгача таълим бўлими Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Сирдарё вилояти худудий бошқармасига мурожаат қилиб, “Ўзтрансгаз” АЖ Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан 2018 йил ноябрь ва декабрь ойлари учун истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари нархига оширилувчи
2 коэффицент қўлланилганлиги ҳолатини асослилигини ўрганиб чиқишда амалий ёрдам берилиши сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаганиш қоидаларининг 105-бандида Истеъмолчи томонидан табиий газ етказиб бериш учун тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан газ олинган тақдирда, истеъмолчидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган табиий газ қийматига нисбатан 2 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилиши белгиланган (2019 йил 28 февралгача бўлган таҳрир).
Ўрганиш жараёнида 2018 йил 22 январдаги “Ўзтрансгаз” АЖ Сирдарё вилояти буйича газ таъминоти ҳудудий филиали ва Гулистон шаҳар мактабгача таълим бўлими ўртасида тузилган 01/01-0046-сонли шартномага 2018 йил 4 майда 1-сон билан қўшимча шартнома тузилиб, ноябрь ойи учун 62124 куб метр, декабрь ойи учун 69758 куб метр табиий газ ҳажми белгиланиб, Гулистон шаҳри ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилган.
Лекин, “Ўзтрансгаз” АЖ Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан Гулистон шаҳри ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаган 2018 йил 30 апрелдаги ноябрь ва декабрь ойига газ ҳажми белгиланмаган маълумотларни табиий газни ҳисобини юритувчи “Fossa” дастурига киритилганлиги оқибатида, ноябрь ойига 62 124 метр куб 37274400 сўм, декабрь ойида 69 758 метр куб 41854800 сўм жами 79 129 200 сўм амалда истеъмол қилинган табиий газни 2 коэфицентдан автоматик ҳисоблаб, Гулистон шаҳар мактабгача таълим бўлимидан 79 129 200 сўм миқдорида асоссиз даромад олганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат ҳудудий бошқарманинг махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонуни 13-моддаси бўйича қонунбузарлик аниқланиб, асоссиз олинган 79 129 200 сўмлик даромадни Гулистон шаҳар Мактабгача таълим бўлимига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида тегишли қарор чиқарилиб, кўрсатма берилган.
Бироқ, “Ўзтрансгаз” АЖ Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан махсус комиссиянинг кўрсатмаси белгиланган муддатда бажарилмаганлиги сабабали, мазкур масала юзасидан иқтисодий судга даъво ариза киритилди. Ишни судда кўриб чиқиш жараёнида “Ўзтрансгаз” АЖ Сирдарё вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан Гулистон шаҳар Мактабгача таълим бўлимига 79129200 сўм асоссиз ҳисобланганлиги тан олиниб, пуллар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати