Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Қашқадарё вилояти Қамаши туманида тадбиркорлик субъектлари ҳамда фуқаролар билан ўтказилган сайёр қабулида Қамаши туманида яшовчи фуқаро Х. Хусанова Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарорига зид равишда у томонидан тегишли тўловлар тўлиқ амалга оширилган бўлсада, 6 ойдан ортиқ муддат ўтганлигига қарамасдан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарор тақдим этилмаётганлиги ва унинг оқибатида кадастр ҳужжати расмийлаштирилмаётганлигини маълум қилган.
Дастлабки ўрганиш натижасида шу каби муаммолар Қамаши туманида истиқомат қилувчи жами 44 нафар фуқароларда мавжудлиги аниқланган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 23-бандига асосан туман (шаҳар) ҳокимининг комиссия ишчи органи томонидан тайёрланган қарори лойиҳаси 2 иш куни мобайнида қабул қилиниши белгиланган.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўрилган чоралар натижасида ушбу 44 нафар фуқароларга қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги Қамаши тумани ҳокимлигининг тегишли қарорлари 2 кун ичида қабул қилиниши ҳамда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қамаши туман филиали томонидан турар жой объектларга 4 кун мудатта кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб берилиши таъминланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати