Ҳудудий бошқармага, “Marmaks” МЧЖ ҚК юристи 2021 йил 3 мартдаги мурожаати келиб тушган. Мазкур мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан MGU-15857-cон гувоҳнома асосида берилган товар белгиси “Marmaks” МЧЖ ҚКга тегишли эканлиги, ҳозирги кунда ушбу товар белгидан “New Mirmaks” МЧЖ томонидан фойдаланилаётганлиги маълум қилиниб, тегишли чора кўриш сўралган.
Тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиш натижасида, “New Mirmaks” МЧЖ фойдаланаётган товар маҳсулоти идиши қадоғи илгари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ҳамда муҳофаза қилинаётган “Marmaks” МЧЖ ҚКга тегишли бўлган MGU 15857-сонли “HALOL Beef in juice” жамлама товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида айнан ўхшашлиги аниқланган.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли Низомга асосан, ҳудудий бошқарма томонидан “New Mirmaks” МЧЖга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси талаблари бузилганлиги бўйича иш қўзғатилган.
“New Mirmaks” МЧЖ томонидан “Marmaks” МЧЖ ҚКга тегишли MGU 15857-сонли гувоҳнома асосида берилган жамлама товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш товар белгидан фойдаланиши натижасида, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси талаблари бузилишига олиб келган.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2021 йил 29 апрелда “New Mirmaks” МЧЖга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси талабларини бузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик (“Marmaks” МЧЖ ҚКга тегишли MGU 15857-сонли гувоҳнома асосида берилган жамлама товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш товар белгисидан фойдаланиш ҳамда ушбу товар белгини реклама қилиш (шу жумладан, интернет тармоғи орқали) тўхтатиш ҳамда барча бозор ва савдо нуқталаридан олиб ташлаш) тўғрисида 04/22-сонли тегишли кўрсатма берилди.
Шунингдек, мурожаатчи томонидан тақдим этилган баъзи бир тушенка маҳсулотлари “New Mirmaks” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилганлиги рад этилиб, “New Mirmaks” МЧЖ директори қалбакилаштирилганлигини маълум қилинди.
“New Mirmaks” МЧЖ номидан қалбакилаштирилган тушенка маҳсулотларининг сотилиш ҳолатлари юзасидан ваколат доирасида чора кўриш учун ҳудудий бошқарманинг 2021 йил 15 апрелдаги 02/04-451-сонли хати орқали тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармасига юборилди.
Бундан ташқари, мурожаатни ўрганиш давомида “Marmaks” МЧЖ ҚК ва “New Mirmaks” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган тушенка (димланган гўшт) маҳсулотида “HALOL” сўзи мавжудлиги аниқланди.
Ҳудудий бошқарма томонидан мазкур ҳолат бўйича тегишли хулоса олиш мақсадида “Ўзстандарт” Агентлигига сўров хати юборилди.
“Marmaks” МЧЖ ҚК ва “New Mirmaks” МЧЖлар томонидан “Ўзстандарт агентлиги тизимидаги “Ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш органи”га ҳалол сертификатини олиш бўйича мурожаат келиб тушмаган бўлиб, ушбу жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Миллий Ҳалол сертификати мавжуд эмас.
Шунингдек, “Marmaks” МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқариладиган гўштли маҳсулотлари Ts 16333554-001:2019 “Консервы мясные. Говядина тушеная “HALOL”. Техническае условия” ташкилот стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Ушбу стандартлар Ҳалол белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини бермаслиги маълум қилинган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан MGU-15857-cон гувоҳнома асосида “Marmaks” МЧЖ ҚК номига берилган товар белгисида “Marmaks” сўзидан бошқа барча сўз, ҳарф ва сонлар ҳимояланмаганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма томонидан “Marmaks” МЧЖ ҚК ва “New Mirmaks” МЧЖлари номига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ва “Реклама тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритишлиги лозимлиги (жамиятлар томонидан ишлаб чиқарилаётган тушенка (димланган гўшт) маҳсулотига “Ҳалол” сертификати мавжуд эмаслиги сабабли, истеъмолчиларни ҳуқуқларининг бузилишини олдини олиш мақсадида, маҳсулот қадоғидан “HALOL” сўзини олиб ташлашни таъминлаш, “Ҳалол” сертификатисиз “HALOL” сўзидан фойдаланиш ҳамда ушбу сўзни реклама қилишни (шу жумладан, интернет тармоғи орқали) тўхтатиш, барча бозор ва савдо нуқталаридан олиб ташлашни таъминлаш) юзасидан 2021 йил 29 мартда огоҳлантириш берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати