Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6019-сонли фармони ижроси юзасидан Қўмита томонидан назорат функцияларини амалга оширишда тадбиркорликка маъмурий юкни камайтириб, асосан замонавий ва инновацион усуллардан фойдаланиш белгиланган.
Жумладан, бугунги кунда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширган “Uzbekistan airways”, “Навоийазот”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларида ушбу тизим жорий этилди. Жамиятларда ўз фаолияти ҳамда соҳаларидан келиб чиққан ҳолда, Монополияга қарши комплаенс тизимини ташкил этиш бўйича ички низом ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш хавфларини камайтириш мақсадида бир йилга мўлжалланган “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланди.
Тасдиқланган “Йўл харита”ларидаги чора-тадбирлар режаси бажарилишида Қўмита томонидан мониторинг ўрнатилиб, ушбу тадбирларни амалга оширишда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоли масалаларни бартараф этишда, Қўмита томонидан ўз ваколати доирасида ҳар томонлама амалий кўмак бериб борилиши кўзда тутилган.
Ўз навбатида, ушбу тизимни жорий этишда юқорида кўрсатилган жамиятларда рақобат қонунчилиги бузилиш хавфларини олдиндан аниқланиши ва ўз вақтида бартараф этилиши ҳамда корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириб, жамиятларнинг инвестицион жозибадорлигини ортишига олиб келади.
Шунингдек, Қўмита томонидан Фармонда белгиланган, қолган субъектларда Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этилиши юзасидан амалий чоралар давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, ўз фаолиятида Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш истагида бўлган хўжалик юритувчи субъектларга, ўз ваколати доирасида ҳар томонлама амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати