Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2018 йилнинг апрел ойидан 2019 йилнинг апрел ойигача бўлган давр мобайнида улгуржи истеъмолчиларга (бюджет ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектлар) табиий газ ва электр энергиясини етказиб бериш ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида, истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ учун қўлланилган нарх ва тарифлар ҳам текширилди. Натижада, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22 – сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”ни бузилиши ҳолатлари аниқланди. Ҳусусан, “Бухорогаз” томонидан 300 та истеъмолчиларга 407589,2 минг. сўм, ортиқча тўлов ҳисобланганлиги маълум бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 36-банди, биринчи хатбошисида кўзда тутилган талабларнинг бузилишига йўл қўйганлиги аниқланган.
Натижада, ҳудудий бошқарма томонидан “Бухорогаз”га нисбатан иш қўзғатилди ва ноқонуний ҳисобланган 407 589 млн.сўмни улгуржи истеъмолчилар ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма берилди.
Шунингдек, вилоят статистика бошқармасидан олинган рўйхатга биноат қум ва чақиқтош (шебень) қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ҳам ўрганилди.
Ушбу корхоналарга етказиб берилган электр энергиясига қўлланилган нарх ва тарифлар текширилганда, мазкур корхоналарни қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи профил корхоналар таркибига киритмаган ҳолда, 1 кВт электр энергияси учун белгиланган 228,6 сўм ўрнига 365,76 сўмдан ҳисоблагани, натижада 8 та қум чақиқ тош (шебень) қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонага жами 141 миллион 847,4 минг. сўм ортиқча тўлов ҳисоблангани аниқланди.
Ўрганиш якуни бўйича, Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят электр тармоқлари корхонасига нисбатан иш қўзғатилди ва ноқонуний олинган суммани истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма берилди.