Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига «PHARM ABIDI INT» МЧЖ томонидан ўзи ишлаб чиқараётган «АМПИСУЛ» номи остида сотилаётган дорининг бошқа бир ташкилот, яъни «MEDILUX PHARM» МЧЖ «АМПСУЛ» номи билан сотаётгани ва бу билан унинг ҳуқуқларини бузиётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.
Ноҳалол рақобатга чек қўйиш бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида «PHARM ABIDI INT» МЧЖ фармацевтика воситалари билан чакана савдо қилиши ва шу билан бирга Ўзбекистонга савдо номи «АМПИСУЛ» бўлган, инъекция учун эритма тайёрлашда фойдаланиладиган дори воситасини етказиш билан шуғулланиши аниқланди.
«PHARM ABIDI INT» МЧЖ товар номига эгалик ҳуқуқи бузилаётгани юзасидан, «MEDILUX PHARM» МЧЖга сотаётган дори воситасини номини ўзгартириш сўраб мурожаат этган, лекин, «MEDILUX PHARM» МЧЖ мурожаатга жавобан, ушбу ном остида жуда катта партия 2019 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистонга кириб келиши, уни тўлиқ реализация қилиб бўлганидан сўнггина, товар номини ўзгартирилишини маълум қилган.
Мазкур жавобдан сўнг, «PHARM ABIDI INT» МЧЖ муаммони ҳал этиб беришни сўраб, Қўмитага мурожаат этишади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги мутахассисининг хулосасига кўра, «АМПСУЛ» номи «АМПИСУЛ» товари билан жуда ўхшашлиги, бундан ташқари «АМПСУЛ» номини «MEDILUX PHARM» МЧЖ томонидан рўйҳатга олиш ҳақида ҳеч қандай мурожаат бўлмаганлиги келтирилди.
Иккала ташкилот ҳам бир ҳил йўналишда фаолият юритишлари ҳамда бир-бирига ўҳшаш маҳсулотларнинг савдоси билан шуғулланишгани учун, улар рақобатчи ҳисобланади. Бу эса, «MEDILUX PHARM» МЧЖ ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунни 13-моддасини бузганлигини билдиради.
Мазкур ҳолатни ўрганиш учун тузилган маҳсус комиссия, юқоридагиларни инобатга олиб, «MEDILUX PHARM» МЧЖга қуйидаги кўрсатмаларни амалга ошириш белгилаб берилди.
- «АМПСУЛ» номи остидаги дори воситаларни етказиш ва реализация қилишни тўхтатиш;
- Бир ой муҳлатда «АМПСУЛ» номи остидаги дори воситаларни сотувдан олиб ташлаш;
- «АМПСУЛ» номига тегишли бўлган барча маҳсулотлар, жумладан, флаконлар, қадоқ идишлари, стикерлар ҳамда, восита билан фойдаланиш кўрсатмалари омбор ва бошқа сақлаш манзилларидан йўқ қилиш.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати