Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида буюртмачи Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлими томонидан Давлат харидлари бўйича қиймати 632,891 млн сўмлик “Равоқ” МФЙ биносини жорий таъмирлаш бўйича 2021 йилнинг 21 апрелида эълон берилган.
Жорий йилнинг 4 майида “Равоқ” МФЙ биносини жорий таъмирлаш бўйича ўтказилган танлов савдоларига иштирокчилар тақдим этган ҳужжатлари ўрганиб чиқилганда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 26 май куни рўйхатдан ўтказилган “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг
75-77 ва 94-95-бандларида белгиланган талаблар мазкур танлов иштирокчилари “BEKAMIR” МЧЖ, “RO‘ZIMBEK QURILISH” МЧЖ ва “ASADBEK FAYZ BARAKA МЧЖлар томонидан тақдим этилмагани ва бу ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлимида танлов иштирокчиларининг таклифларини рўйхатга олиш китобига киритилмагани аниқланди.
Шу билан бирга танлов иштирокчилари томонидан фақатгина танлов савдоларига тижорат таклифлари берилган, яъни, «BEKAMIR” МЧЖ томонидан 632,750 млн сўм, “RO‘ZIMBEK QURILISH” МЧЖ томонидан 632,850 млн сўм ва “ASADBEK FAYZ BARAKA” МЧЖ томонидан 632,800 млн сўмлик тижорат таклифлари. Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари учун зарур бўлган бошқа танлов ҳужжатлари тўлиқ тақдим этилмаган.
Шунингдек, танлов савдосида иштирок этган 3 та хўжалик юритувчи субъектлардан “BEKAMIR” МЧЖ раҳбари Асадов Лазизжон Жонузоқович, таъсисчилар рўйхатида 100% улуши борлиги, “RO‘ZIMBEK QURILISH” МЧЖнинг раҳбари Асадов Мирғолиб Жонузоқович, таъсисчилар рўйхатида 100% улуши борлиги, “ASADBEK FAYZ BARAKA” МЧЖ раҳбари Асадов Лазизжон Жонузоқович, таъсисчилар рўйхатида Асадов Мирғолиб Жонузоқович 88,0% ва Асадов Азизжон Жонузоқович 12,0% улуши борлиги аниқланди. Асадов Лазизжон Жонузоқович, Асадов Мирғолиб Жонузоқович ва Асадов Азизжон Жонузоқович яқин қариндош (яъни ака-ука) эканлиги аниқланди.
Ушбу ҳолатлар, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунини 5-моддаси “Шахслар гуруҳи” (шахслар гуруҳига товар ёки молия бозорининг ягона субъекти сифатида қаралади) ва ушбу қонуннинг 14-моддасининг (савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш)даги танлов (тендер) савдоларини ўтказишда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қашқадарё вилоят Қарши шаҳар бўлими ўтказган танлов савдалари ва тузилган шартномаларни ўн кун муддатда бекор қилиш ҳамда танлов савдоларини қайта ўтказиш кўрсатмаси берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати