ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ВА ТАДБИРКОРЛАР ДИҚҚАТИГА:
Сўнгги вақтларда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятига оид турли ҳолатлар ҳақидаги мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларнинг аксарияти Қўмита ва унинг ҳузуридаги Агентлик билан Федерациянинг фаолиятида ўзаро алоқа борлиги ёки йўқлиги ҳамда аҳоли томонидан ўтказилаётган тўй ва маросимларда Федерациянинг фаолияти юзасига тушунтириш бериш боғлиқ бўлмоқда.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда, сизга шуни маълум қиламизки, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси нодавлат, нотижорат ташкилот (ННТ) ҳисобланиб, ўз фаолияти ва таркибий тузилмаси бўйича Қўмита ва унинг ҳузуридаги Агентлик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. ННТ фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат, нотижорат ташкилотлар фаолияти тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасидаги жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунлар билан назорат қилинади. ННТ фаолиятини ривожлантириш, уларнинг давлат ва хўжалик юритувчи субъектлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш соҳасидаги давлат сиёсати Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади. “Ўзбекистон Республикасидаги жамоат бирлашмалари тўғрисида”г қонуннинг 5-моддасига биноан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ННТ фаолиятига аралашишга йўл қўймайди. Шу муносабат билан сизга эслатиб ўтамиз: Қўмита ва унинг ҳузуридаги Агентлик Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолияти учун жавобгар эмас!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институтционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5817-сонли фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги – давлат сиёсатини амалга ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади.
Тўй ва бошқа оилавий тадбирлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори билан тартибга солинади.