ТАМАКИНИНГ ЎРНИНИ БОСУВЧИ МАҲСУЛОТ РЕКЛАМАСИ ТЎХТАТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан назорат функцияларини амалга оширилиши давомида таркибида никотин мавжуд бўлган “LYFT” маҳсулотининг реклама қилинганлиги аниқланган.
Хусусан, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, И.Каримов ва Фурқат кўчалари кесишувидаги чорраҳада жойлашган реклама мониторида, Яккасарой туманидаги “Grand Mir” меҳмонхонаси рўпарасидаги реклама мониторида, “Afrosiyob” тез юрар поездининг хизмат араваси ён томонида, “Malibu” русумли хизмат автомобилларида ҳамда Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи ён томонига реклама монитори ўрнатилган юк машинасида “LYFT” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган таркибида никотин бўлган маҳсулотнинг рекламалари жойлаштирилганлиги ўз тасдиғини топган.
Шунингдек, интернет тармоғидаги www.golyft.uz расмий веб-сайтида “Odatni oʻzgartirib boʻlmaydi deb kim aytdi?”, “Yangi hissiyotlarni qidiryapsanmi? LYFTni kashf et” деган ёзувлар билан инсонларнинг мазкур маҳсулотни истеъмол қилишга қизиқишини уйғотувчи бир қатор реклама маълумотлари жойлаштирилганлиги кузатилган.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг
6-моддасига асосан, рекламада, қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг соғлиғи ёки ҳаётига ва атроф муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек, хавфсизлик воситаларига эътиборсизлик туйғусини уйғотувчи ҳаракатларга даъват қилиш тақиқланади.
Қонуннинг 13-моддаси асосан ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади ҳамда нотўғри реклама тақиқланади.
Қонуннинг 23-моддаси билан тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси, шу жумладан:
тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар намуналарини текин тарқатиш;
тамаки, тамаки маҳсулотлари ёки алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси ёхуд тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;
тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси туширилган товарларни (футбол майкалари, бош кийимлар, ўйинлар ва бошқа шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
савдо объектларининг олд томонида, кириш (транспортда кириш) жойларида, витриналарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг тасвирлари, номларини ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатиш тақиқланади.
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида (асосий тушунчаларда) тамаки маҳсулоти – тамакидан ёки унинг ўрнини босувчи нарсадан тайёрланган ҳар қандай маҳсулот, деб кўрсатилган.
Шунга кўра, ваколатли орган – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик Агентлиги томонидан таркибида никотин мавжуд бўлган “LYFT” савдо белгиси остидаги маҳсулот тамакининг ўрнини босувчи маҳсулот турига кириши тўғрисида хулоса берилган.
Шунингдек, интернет тармоғида “UZBAT A.O.” АЖ ҚКга тегишли www.golyft.uz расмий веб-сайтида “LYFT” савдо белгиси остида маҳсулот таркиби скандинавиялик қарағай ва эвкалиптнинг ўсимлик толалари, никотин экстракти сув ва ароматизаторлардан ўсимлик (органик) моддаларидан таркиб топган деб кўрсатиб ўтилган бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази ва “Ўзбекэкспертиза” АЖнинг экспертиза хулосасида “LYFT” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулот таркибида никотин, ментол, целлюлоза ва ароматизаторлари мавжудлиги, тамаки ва бошқа келиб чиқиши ўсимлик (органик) туркумига мансуб моддалар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Яъни, рекламада товарнинг таркиби тўғрисида нотўғри маълумот берилган.
Юқоридагиларга асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан реклама берувчи “UZBAT A.O.” ҚК АЖ ва реклама тарқатувчи ЯТТ Абдуллаев Асаджон Алишер ўғлига нисбатан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатилди.
Шу билан бирга, реклама берувчи ва буюртмачи томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6, 13 ва 23-моддаларини бузилганлиги қайд этилиб, “UZBAT A.O.” АЖ ҚК ва ЯТТ Абдуллаев Асаджон Алишер ўғлига мазкур қонунбузилиш ҳолатларини тугатиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик ҳуқуқбузарлиги бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, иш ҳужжатлари кўриб чиқиш учун Юнусобод ва Яккасарой туманлари маъмурий судига топширилди.
Бугунги кунда, реклама тарқатувчи “ЯТТ Абдуллаев Асаджон Алишер ўғли” иши Яккасарой тумани маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди ва айбдорга нисбатан 1 млн. 115 минг сўм миқдорида жарима тўлаш тўғрисида суднинг қарори қабул қилинди.
“UZBAT A.O.” АЖ ҚК мансабдор шахсига нисбатан жарима қўллаш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судда кўриб чиқилмоқда.