Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 январ куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигига Яшнаобод тумани, Тузел мавзеси, 1-даҳасида истиқомат қилаётган Ризалина Бердникова томонидан, электр энергиясида кучланиш кўпайиб кетиши натижасида бир нечта хонадонларда маиший техника куйганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
Мурожаатни ўрганиш натижасида, мазкур ҳолатга Яшнаобод тумани “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖ балансида бўлган трансфарматорнинг носозлиги сабаб бўлганлиги аниқланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур вазиятни ўрганишда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-модда, 19-модда 4-қисми, 20-модда 1 ва 2-қисмлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланди ва ўрнатилган тартибда Яшнаобод тумани “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖга нисбатан иш очди.
13 феврал куни Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари, “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖ вакиллари ҳамда мурожаатчи Р. Бердникова иштирокида очилган иш кўриб чиқилди.
Унга кўра Агентлик “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖни бўлиб ўтган иш оқибати келтирилган зарарни қоплаб бериши кераклиги ҳақида Қарор қабул қилди. Шу билан бирга, аҳолига етказилаётган электр энергиясидаги камчиликларни бартараф этилишига кўрсатма берди.
Қарорга кўра, етказилган зарар суммаси (4 594 000 сўм) истеъмолчиларнинг маиший техникаларни таъмирлашга берилган ва хизмат кўрсатиш марказларининг тақдим этган чекларига асосан ҳисобланди.
Ушбу кўрсатилган суммага, “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖ томонидан иш кўрилиб қарор чиқгунга қадар қопланган зарарлар ва таъмирланганлиги ҳақида чеки кўрсатилинмаган маблағлар киритилмаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати