Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига 2019 йил 25 ноябрь куни “SHIRIN SHAKAR BIZNES” хусусий корхонасининг 108-сонли мурожаати келиб тушди.
“SHIRIN SHAKAR BIZNES” хусусий корхонаси Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк Агентлиги томонидан 2015 йил 18 ноябрда берилган 28618 сонли гувоҳномасига асосан “MEXXI” товар белгисига қонуний эгалик қилиши ва шу белги остида ширинликлар ишлаб чиқаришини маълум қилган.
Бироқ “MERCURE TRADE GROUP” МЧЖ томонидан ушбу товар белгисига номи, шакли ҳамда қадоқдаги ранглар уйғунлиги адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган “MESSI” белгиси остида ширинликлар ишлаб чиқараётганликларини аниқлаган ва ҳолат юзасидан чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Ўрганиш даврида товар белгиларини ўхшашлик даражасини аниқлаш мақсадида Интеллектуал мулк Агентлигининг бош эксперти Д. Зуфарова томонидан берилган ҳулосага кўра:
– “MESSI” номли қандолат маҳсулотининг кўриниши “MEXXI” номли қандолат маҳсулотининг умумий кўриниши билан ўхшашлиги туфайли истеъмолчини чалғитишга олиб келади.
Юқорида қайд этилганларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги
№225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низом”нинг 11-бандига мувофиқ, “MERCURE TRADE GROUP” МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси, биринчи қисмини учинчи хатбошилари бузилиши бўйича иш қўзғатилди ва ушбу тўғрисида томонлар хабардор қилинди.
Қўзғатилган иш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқилиб, иштирокчиларининг далиллари ва тушунтиришларини ўрганган ҳолда, Махсус комиссия рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, “MERCURE TRADE GROUP” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни этикеткасида фойдаланилган “MESSI” белгиси (ранги, харфларни жойлашиши, уларни шакли) “SHIRIN SHAKAR BIZNES” хусусий корхонасининг “MEXXI” товар белгисига адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган товар белгисидан фойланганини аниқлади, бу эса ноҳалол рақобат ҳолати деб талқин қилинади.
Ўрганиш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги №225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 22-бандига мувофиқ, “MERCURE TRADE GROUP” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси талаблари бузилишини тўхтатиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати