Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Ёқилғи-энергетика ресурсларини етказиб бериш ва коммунал хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2019 йил 19 декабрдаги 01-03/1642-сонли хати билан тақдим этилган “Маиший ва юридик истеъмолчилари учун электр таъминоти шартномалари намунавий лойиҳалари” кўриб чиқилиб, Қўмитанинг 2020 йил 9 январдаги 41/04-19-сонли хати билан қуйидаги таклифлар берилган. Хусусан:
Маиший истеъмолчилар учун электр энергияси таъминоти шартномаси юзасидан.
Ўзбекистон Республикаси “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сон қарори билан тасдиқланган “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2018 йил 4 майда 3005-сон билан рўйхатга олинган Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги Низомга талабларидан келиб чиққан ҳолда шартнома лойиҳасининг 1.3, 2.1, 2.6, 3.1, 3.7, 3.15, 4.4
ва 5.4-бандларига қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тақдим қилинган.
Шунингдек, юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқган ҳолда мазкур шартнома лойиҳасининг 2.1, 2.3, 2.5, 2.7, 3.1
ва 3.7-бандларини чиқариб ташлаш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда таҳрир этиш лозимлиги билдирилган.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидаларида (кейинги ўринларда – Қоидалар деб аталади) маиший истеъмолчилар учун ойлик лимитлар белгиланиши назарда тутилмаган бўлсада, мазкур шартнома лойиҳасининг 2.1-бандида йиллик истеъмол қилинадиган энергиянинг ҳажми ойма-ой бўлинган ҳолда ушбу шартнома иловасига мувофиқ кВт/соат бўйича тақсимланиши белгиланмоқда.
Юридик шахслар учун электр таъминоти шартномаси юзасидан.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидаларига мувофиқ шартноманинг 3.3, 3.5, 3.17, 4.2, 4.4
ва 6.5-бандларига қўшимчалар киритиш ва мазкур бандларни тўлдириш таклифи берилган.
Мисол учун, Қоидаларнинг 83 ва 114-бандлари талабларидан келиб чиққан ҳолда шартнома лойиҳасининг 3.5-бандини қуйидаги хатбошилар билан тўлдириш лозимлиги таклиф қилинган:
“Электр энергияси учун амалдаги тарифлар ўзгарган тақдирда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси уларнинг кучга киришидан камида ўн беш кун олдин қарорни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Бунда электр энергияси учун тарифлар ўзгарган санадан қатъий назар, электр таъминоти шартномаси ўз кучида қолади ва истеъмолчи фойдаланилган электр энергияси учун янги тариф кучга кирган кундан бошлаб ҳақ тўлашга мажбурдир.
Тариф ўзгарган тақдирда, истеъмолчилар электр энергияси (шу жумладан, актив ва реактив энергия)нинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кейинги 1 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда қўшимча тўлов тўлашдан озод этилади.
Арифметик хатоликлар, тарифларни нотўғри қўллаш туфайли пайдо бўладиган кам ва ортиқча тўловлар тегишли тариф бўйича кВт/соатларда қайта ҳисоблаб чиқилади ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан даъво муддати доирасида кўрсаткичлардаги тафовут ёки қўшимчалар билан биргаликда ҳисобга олинади”.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши йиғилишида шартнома лойиҳалари муҳокама қилинганидан сўнг, Жамоатчилик кенгаши фикри қўшимча равишда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тақдим этилиши маълум қилинган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати