Ўзбекистон Республикаси
Монополияга қарши курашиш
қўмитасининг 2019 йил
26 декабрдаги 1754/04-19-сонли хатига илова
Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича
ХУЛОСА
I. Умумий маълумотлар
Хулоса Адлия вазирлигида 2019 йил 19 апрелда 3155-сон билан рўйхатга олинган Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси асосида тайёрланди.
- Лойиҳани тақдим этувчи орган номи:
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги.
- Лойиҳанинг номи ва тури:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада табиий газ етказиб бериш назорати ва ҳисобини юритишда автоматлаштирилган тизимни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори
- Лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги
01-06/1-2349-сонли топшириғи.
- Лойиҳанинг қисқача мазмуни:
Қарор лойиҳасида Республикада табиий газ етказиб бериш назорати ва ҳисобини юритишда автоматлаштирилган тизимни жорий этиш тўғрисида.
II. Тадбиркорлик субъектларининг асосий гуруҳлари бошқа масъул шахслар ҳамда таклиф этилаётган ҳужжатда давлат органларининг манфаатларига доир масалалар тартибга солинадиган маълумотлар
- Ҳужжат билан манфаатлари назарда тутилаётган гуруҳ иштирокчиларининг таснифи:
тадбиркорлик субъектлари гуруҳлари – “Pietro Fiorentini” (Италия), “Софтмакс Системы Телеметрии” (Беларуссия Республикаси) компаниялари, “Texnopark” МЧЖ;
давлат органлари гуруҳи – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Энергетика вахирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва унинг ҳузуридаги “Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Ўзтрансгаз”АЖ ва “Ўзбектелеком” АЖ;
бошқа иштирокчилар гуруҳи муносабатлари – мавжуд эмас.
- Янги ёки амалдаги функцияларга киритилаётган ўзгартиришлар, ваколатлар, мажбуриятлар, имтиёзлар, преференциялар, давлат органлари ҳуқуқлари ва уларни амалга ошириш тартиби тўғрисида, шунингдек, киритилаётган чекловлар бўйича ҳамда бошқа маълумотлар:
6.1. Қарор лойиҳасининг 1-бандида “Pietro Fiorentini” (Италия), “Софтмакс Системы Телеметрии” (Беларуссия Республикаси) компаниялари, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Texnopark” МЧЖ билан республикада табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилганлиги кўрсатилган.
6.2. Қарор лойиҳасининг 2-бандида лойиҳани амалга ошириш доирасида “Технопарк” МЧЖ – электрон газ ҳисоблагичлар, редукторлар, ҳимоя қутиларини
ва электрон газ ҳисоблагичлар маълумотларини қайта ишлаш ва узатиш бўйича автоматлаштирилган дастурини етказиб берувчи ҳамда “Софтмакс Системы Телеметрии” компанияси ва унинг шўъба корхоналари – табиий газ етказиб беришнинг назорати ва ҳисобини автоматлаштирилган комплекс тизими ва биллинг дастурий таъминотини ишлаб чиқувчи, унга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи этиб белгиланган.
6.3. Қарор лойиҳасининг 3-бандида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 2020 йил 1 мартга қадар “Софтмакс Системы Телеметрии” компанияси билан биргаликда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ қошида табиий газ етказиб беришнинг назорати ва ҳисобини автоматлаштирилган комплекс тизимининг маълумотларини қайта ишлаш марказининг ташкил этилиши назарда тутилган.
6.4. Қарор лойиҳасининг 4-бандида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар
ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўладиган молиялаштириш маблағларини “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ўз маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг, республика жамғармалари ва тижорат банклари (хорижий) ва бошқа қонунчиликда таъқиқланмаган молия маблағларини жалб қилиш ҳисобига шакллантирилиши белгиланган.
6.5. Қарор лойиҳасининг 5-бандида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан электрон газ ҳисоблагичлар, редукторлар
ва ҳимоя қутиларини сотиб олиш учун зарур дастлабки кредит маблағларини бир ой муддатда ажратилишини таъминлаш бўйича топшириқ берилган.
6.6. Қарор лойиҳасининг 6-бандида лойиҳага жалб этиладиган молия маблағлари:
“Технопарк” МЧЖ томонидан ишлаб чиқариладиган газ ҳисоблагичлар, редукторлар ва ҳимоя қутиларини “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан сотиб олиш
ва истеъмолчиларга ўрнатиш ишларини молиялаштириш учун;
“Софтмакс Системы Телеметрии” компанияси ва унинг шўъба корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган дастурий таъминот маҳсулотлари ва биллинг, кўрсатиладиган хизматларни, унга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмларини етказиб беришни молиялаштириш учун комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилиши назарда тутилган.
6.7. Қарор лойиҳасининг 7-бандида “Технопарк” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган электрон газ ҳисоблагичларни сотиб олишда “Ҳудудгазтаъминот” АЖга чет эл валютасида шартнома тузишга рухсат берилмоқда.
6.8. Қарор лойиҳасининг 8-бандида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Texnopark” МЧЖ 2023 йилнинг 1 январига қадар айрим солиқ, божхона ва ва мобил алоқа модулига эга қурилмалар (IоТ қурилмалар)нинг халқаро ўзига хос идентификация коди (IМЕI-код)ни IMEI- кодлар маълумотлар базасида рўйхатга олиш учун тўловлардан озод қилиниши белгиланган.
6.9. Қарор лойиҳасининг 9-бандида электрон газ ҳисоблагичларни давлат метрологик (қиёслов) назоратини ўтказиш ҳар 10 йилда бир марта “Ҳудудгазтаъминот” АЖ маблағлари ҳисобидан “Узстандарт” агентлиги томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.
6.10. Қарор лойиҳасининг 11-бандида “Ўзбектелеком” АЖ икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий газ етказиб бериш назорати ва ҳисобини юритишда автоматлаштирилган тизимининг маълумотлар базасини шакллантириш ва уни юритиш учун лозим бўладиган сервер ускуналари билан таъминланиши кўрсатилган.
III. Рақобатга таъсирнинг таҳлили
- Ҳужжатни қабул қилинишининг оқибатлари прогнози
7.1. Қарор лойиҳасининг 1-бандида келтирилган маълумотлар, шунингдек
2, 3, 5-банднинг биринчи хатбошиси, 6, 8 ва 11-бандлари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
13 августдаги ПФ-5780-сон Фармонининг 27-бандига зид равишда баён этилганлиги муносабати билан, мазкур бандларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида уларни чиқариб ташлаш ва қарор лойиҳасида кўзда тутилган имтиёз
ва преференцияларни инобатга олиб, тендер (танлов) савдолари ўтказган ҳолда амалга оширилиши таклиф қилинади.
7.2. Мазкур қарор лойиҳасининг 4-бандида бир қатор манфаатдор вазирлик ва идораларга бир ой муддатда лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўладиган молиялаштириш маблағларини “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ўз маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг, республика жамғармалари ва тижорат банклари (шунингдек хорижий) ва бошқа қонунчиликда тақиқланмаган молия маблағларини жалб қилиш ҳисобига шакллантирилишини таъминлаш назарда тутилмоқда.
Шу сабабли, лойиҳанинг молиялаштириш маблағларига аниқлик киритилгандан сўнг, қарор лойиҳасининг 2-бандида назарда тутилган ТИФ Миллий банки кредит маблағларини ажратилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади ва ушбу бандни чиқариб ташлаш таклиф қилинади.
7.3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сон Фармонининг 3-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланиши белгиланган.
Шу боис, қарор лойиҳасининг 7-банди тўртинчи хатбошисини қайта кўриб чиққан ҳолда амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш таклиф қилинади.
7.4. Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек метрология (қиёслаш) фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда шу соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида қарор лойиҳасининг 9-банди иккинчи хатбошисидаги “Ўзстандарт” агентлиги” сўзларидан кейин “ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган метрология хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар” сўзлари билан тўлдириш таклиф қилинади.
IV. ХУЛОСА
Юқоридагилардан келиб чиқиб, рақобатнинг чекланиши олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада табиий газ етказиб бериш назорати ва ҳисобини юритишда автоматлаштирилган тизимни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини юқоридаги таклифлар ва эътирозларни инобатга олган ҳолда қабул қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.