Жорий йилнинг 20-21 ноябрь кунилари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) аъзо-иштирокчи давлатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтади.
Мазкур маслаҳат йиғилишда 40 дан ортиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи хорижий давлатлардан ташриф буюрган ташкилотларнинг вакиллари иштирок этмоқда.
Халқаро йиғилишда Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов мамлакатмизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Давлат томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти аъзо давлатлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг Маслаҳат йиғилишида иштирок этадиган халқаро ва хорижий ташкилотлар делегацияларининг иштирок этаётгани мавжуд муаммоларни илмий, назарий ва амалий жиҳатдан кўриб чиқилишига ҳамда халқаро тажрибалар алмашишига замин яратишини билдирди.
Ўз навбатида хорижий давлатлар тажрибаларини атрофлича ўрганган ва халқаро экспертларни ҳамда ташкилотларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш устида ишлар бошлангани таъкидланди.
Шу билан бирга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бошқа нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ҳам жамоатчилик назорати субъектлари сифатида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органларига асосий кўмакчи эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.