Аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан дори воситалари нархини шакллантириш ва тартибга солиш бўйича ўрганишлар ўтказилди.
Ўрганиш ўтказишга Қўмитага келиб тушаётган ариза ва мурожаатлар аҳоли билан ўтказилган учрашув ва сўровномалар асос бўлди. Жорий йилнинг 10 ойи даврида Қўмитага дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари бўйича истеъмолчилардан 248 та аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 133 таси (53,7%) дори воситалари нархларнинг қимматлиги ҳамда дорихоналарда бир турдаги дори воситалари нархларида катта тафовут мавжудлиги юзасидан келиб тушган.
Маълумки, мамлакатимизда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситаларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда чекланган савдо устамалари қўлланилади.
Шу билан бирга, устамаларни қўллаш учун база нархи сифатида дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид нархлари қабул қилинган.
Ўз навбатида, харид нархига четдан олиб келинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг контракт нархи, божхона божлари ва йиғимлари ҳамда бошқа харажатлар инобатга олинади.
Ўрганиш натижасида шу нарса маълум бўлдики, четдан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари контракт нархини келишиш билан бирга шартномалар тегишли чегирмалар қўлланилишини назарда тутилган ҳолда тузилиши маълум бўлди. Айрим ҳолларда ушбу чегирмалар 60-80 фоизгача тақдим этилмоқда. Бу даражада катта чегирма қўлланилиши шартномадаги бирламчи нархнинг сунъий юқори белгиланишидан далолат беради.
Айнан чегирмалар чет элдаги етказиб берувчилар томонидан маҳаллий импортер корхоналарга ўзаро келишган ҳолда ҳар ҳил қўлланилиши оқибатида ички бозорда ҳам нархларда тафовут юзага келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, агар чет элдаги етказиб берувчи билан маҳаллий импортер корхона “эксклюзив” шартнома тузган бўлса, ҳамда етказиб берилаётган дори воситасига юқори талаб мавжуд бўлган тақдирда (шу жумладан таниқли бренд бўлгани ҳисобига) чегирмалар бу даражада катта бўлмаслиги ва бирламчи қиммат контракт нархи қўлланиши кузатилмоқда.
Юқори талабга эга бўлган айрим турдаги дори воситалари нархларини қўшни давлатлар (РФ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон) нархлари билан солиштирилганда тафовут 10 фоиздан 100 фоизгачани ташкил этмоқда.
Масалан, МАГНИЙ В6 таблеткаси Тошкент шаҳрида 55-60 минг сўмдан сотилаётган бўлса, ушбу дори воситаси Нурсултон ва Бишкек шаҳарларида ўртача 40 минг сўм, Душанбе шаҳрида 30 минг сўм, Москвада эса 36 минг сўм эквивалентида сотилмоқда.
Қўшни давлатларда дори воситалари нархларининг пастлигининг сабаблари ўрганилганида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида, шу жумладан МДХ давлатларда қўлланилиб келаётган ташқи референт нархларни шакллантириш усулидан фойдаланилаётганлиги аниқланди.
Ташқи референт нархни шакллантириш усули – дори воситалари нархларини иқтисодий-ижтимоий ривожланиш ёки географик жойлашув жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган давлатлардаги нархларни солиштириш асосида нархларни шакллантириш ҳисобланади.
Масалан, айрим давлатларда (Австрия, Болгария, Италия)да ташқи референт нарх сифатида ўртача нархлар олинади, бошқаларида (Венгрия, Испания, Польша) энг кичик нархлар усулдан фойдаланилади.
Бундан ташқари, баъзи давлатларда (Бельгия, Чехия, Беларус)ташқи референт нархлар барча турдаги дори воситаларига қўлланилса, бошқаларида (Нидерландия, Россия, Қозоғистон) айрим турдаги дори воситаларига референт нархлар қўлланилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 15 ноябрь куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва аҳолини дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлили ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Президентимиз томонидан аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ҳамда сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва техникалари билан таъминлаш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб берилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда ҳам асосий турдаги дори-дармон воситалари нархларини шакллантиришнинг янги механизмини, яъни ташқи референт нархларни шакллантиришни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Бунда, қуйидагилар назарда тутилади:
- Танлаб олинган (референт) қўшни давлатлардаги дори воситалари нархларни ягона электрон базаси юритилади;
- Дори воситалари учун таклиф этилаётган нарх қўшни давлатлардаги нархлар билан солиштирилади;
- Дори воситаларини дорихоналардаги нархлари ташқи референт нархдан юқори бўлмаслик талаби белгиланади;
- Импортёрлар, шу жумладан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотининг бўлажак нархлари тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигини веб-сайтида танишиш ва ҳисоб-китобларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Мазкур механизмни амалга оширилиши натижасида:
- биринчидан, дори-дармон воситалари нархи пасайишига эришилади ва ҳар ҳил дорихоналардаги нархлар тафовути минимумга келади;
- иккинчидан, импортерлар томонидан нархлар орқали манипуляция қилиш олди олинади;
- учинчидан, давлат харидларини амалга оширишда бюджет маблағлари иқтисод қилинади.
Юқоридаги таклифларни амалга ошириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда дори воситаларини импорт қилиш ва сотишда ташқи референт нархларни шакллантириш механизмини жорий этиш бўйича тегишли қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати