Ўзбекистон-Германия “Бухорогипс” ҚК АЖ Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк Агентлигида “РОТБАНД” ва “ROTBAND” товар белгиларини рўйхатдан ўтказган.
Қўшма корхона Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилиб, мурожаатда Нукус шаҳрида жойлашган бир нечта қурилиш материаллари дўконларида унга тегишли бўлган товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган товар белгиси остида гипс сувоқлари маҳсулотлари сотилаётгани маълум қилинган.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қўмита ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди ва ўрганиш натижасида мурожаатда кўрсатилган маҳсулот Нукус шаҳри “Жана базар” МФЙ, рақамсиз уйда жойлашган “DIAMOND MIX NUKUS” ойлавий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга аниқлик киритиш мақсадида Қўмита томонидан “DIAMOND MIX NUKUS” ОКга хат чиқарилди.
Ўз навбатида “DIAMOND MIX NUKUS” ойлавий корхонаси “Бухарагипс” АЖ қўшма корхонасига тегишли бўлган “РОТБАНД” товар белгисидан фойдаланмаётганини билдирган.
Мазкур низоли ҳолат Қўмитанинг Махсус комиссиясида кўриб чиқилиб “DIAMOND MIX NUKUS” ОК томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми учунчи хат боши талаблари бузилган деб топилди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Қўмита томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда “DIAMOND MIX NUKUS” ОК томонидан қонун бузиш ҳолатларини тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилди.