2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, иқтисодиёт тармоқларида самарали рақобат муҳитини яратиш ва товар ва хизматлар бозорларини монополлашиш даражасини босқичма-босқич пасайтириб бориш иқтисодиётни янада ривожлантириш ва эркинлаштиришнинг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда
Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга йўналтирилган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, бундан ташқари давлатнинг иқтисодиётга таъсирининг бозор механизмлари ва индикаторларига ўтилмоқда.
Бунинг натижасида, тадбиркорлик секторини босқичма-босқич ривожланиши кузатилмоқда. Фақатгина охирги уч йил мобайнида амалда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг сони деярли 25% кўпайди, иқтисодиётнинг барча тармоқлари томонидан яратилган ялпи қўшимча қиймат ЯИМ умумий ҳажмини 88,8% ташкил этди ва 5,1% ўсди.
Қўрилаётган чоралар натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари (алкоголсиз ичимликлар, шарбатлар, нон, нон маҳсулотлари, гўшт-сут маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари ва бошқалар) бозорларида соғлом рақобатни ривожланишига шарт-шароит яратилди.
Қурилиш материаллари, кабел-ўтказгич материаллари, пул ўтказмалари хизматлари бозорларида фаолият кўрсатаётган йирик монополист корхоналар тугатилди.
Натижада, охирги беш йил ичида монополист-корхоналарнинг сони деярли икки мартага қисқарди.
Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиётидаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган баъзи бир муоммолар ҳанузгача ўз ечимини топмаган:
- иқтисодиётда давлат иштирокини кўплиги;
- нархларни керагидан ортиқча тартибга солиниши;
- имтиёзлар ва преференциялар тизимини самарасизлиги;
- бизнес субъектлари фаолиятини тартиблаштириш даражасини юқорилиги, тармоқларда рақобатни ривожлантиришга бўлган қизиқишни пастлиги;
- табиий монополия ҳолатини суиистеъмол қилиш;
- рақобатга қарши ҳолатлар билан курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллашмаганлиги.
Стратегик ривожланишнинг асосий йўналишлари:
- рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни трансформациялаш;
- самарали фаолият кўрсатадиган бозорларни вужудга келтириш, уларнинг шаффофлигини таъминлаш, ушбу бозорларга кириш учун қулай шароитларни яратиш;
- тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий буйруқбозликларни, ортиқча харажатларни камайтириш, иқтисодиётда давлат иштироки даражасини қисқартириш ва давлат кўмагини тартиблаштириш;
- рақобатни асослаш самарасини берувчи тарифни ташкил этишни юқори даражали усулларини жорий этиш орқали нархларни (тарифларни) давлат томонидан оқилона тартиблаштириш тизимини яратиш;
- табиий монополия соҳаларини ўзаро рақобат муносабатларига ўтишини қийинлаштираётган тўсиқларни бартараф этиш;
- рақобатни олдиндан ҳимоя қилиш инструментларини жорий этиш;
- ҳалол рақобатни рағбатлантириш, “картел” келишувлари ва битимларини олдини олиш бўйича чораларни кучайтириш;
- рақамли иқтисодиётни монополияга қарши тартибга солишнинг самарали инструментларини жорий этиш;
- монополияга қарши орган фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ичида рақобат маданиятини шакллантириш, рақобатга қарши хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик;
- монополияга қарши курашиш қўмитасининг кадрлар салоҳиятини тизимли яхшилаб бориш.
Стратегик йўналишлар бўйича рақобатни ривожлантириш самарадорлигидан кутилаётган мақсадли кўрсаткичлар:
- 2024 йилда кичик бизнеснинг ЯИМдаги улушини қўшимча 5% ошириш;
- хорижий инвестицияларнинг соф оқимини ЯИМга нисбатан 4% гача ошириш;
- Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексида Инвестицион фаолият эркинлиги кўрсаткичини 10 дан 70гача ошириш;
- Ўзбекистон Республикасини Глобал рақобатбардошлик индексидаги иштирокини таъминлаш ва уни босқичма-босқич яхшилаб бориш;
- 2024 йилга келиб рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилиши ҳолатларини аниқлашни 50% гача ошириш;
- 2024 йилгача товар, молия ва рақамли бозорлар иштирокчиларининг сонини 25% гача ошириш;
- давлат унитар корхоналарининг сонини 60% камайтириш;
- 2024 йилгача давлат харидлари иштирокчиларининг сонини 30% кўпайтириш;
- 2024 йилгача монополист-корхоналар сонини 25%гача камайтириш;
- давлатнинг банк секторидаги иштирокини 50% гача қисқартириш.