Жорий йилнинг 17 октябрь куни интернетдаги kun.uz сайтида истеъмолчиларга темир йўл хизматларини кўрсатишда мавжуд ҳолат ва эътирозли камчиликлар баён этилган ҳамда соҳани янада ривожлантириш бўйича айрим таклифлар келтирилган “Урганч-Тошкент-Урганч йўналишидаги поезд сафари таассуротлари – ютуқ ва камчиликлар” номли мақола эълон қилинган эди (https://kun.uz/29724068).
Истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга темир йўл хизматлари кўрсатишда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖни жалб қилган ҳолда мазкур мақолада келтирилган ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш натижалари бўйича мақолада кўрсатилган камчиликларни бартараф қилиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган сервис хизматларини қониқарли даражада ташкил қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан:
барча вагонлар йўловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда чой ичиш учун мўлжалланган стаканлар, чойнаклар ҳамда пиёлалар билан таъминланлиги;
барча вагон кузатувчиларини малакасини ошириш мақсадида, малакали мутахассислар томонидан ўқув курслари ташкил қилинганлиги;
қуруқ чой ҳамда қандлар ўрнатилган тартибда барча столларга қўйиб чиқилиши белгиланганлиги;
йўловчилар сонидан келиб чиққан ҳолда барча вагонларни етарли миқдорда кўрпа-тўшак билан таъминлаш чоралари кўрилаётганлиги;
янги харид қилинаётган ҳамда қайта таъмирланаётган вагонларга йўловчиларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда алоқа воситаларини қувватлаш (зарядлаш) учун керакли бўлган мосламалар (USB) ўрнатилиши йўлга қўйилганлиги маълум қилинди.
Бундан ташқари, келгусида йўловчиларга кўрсатилаётган сервис хизматларини янада яхшилаш ҳамда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, босқичма-босқич амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланиб, Агентлик томонидан уларнинг ижроси назоратга олинди.
Шу билан бирга, мақолада қайд этилган камчиликларга йўл қўйганлиги учун “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ томонидан жамиятнинг 4 нафар масъул ходимларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига асосан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Ўз навбатида Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини қўллаб қувватлаган ҳолда, унинг самарадорлигини янада оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради ва ушбу йўналишда барча истеъмолчиларни фаол бўлишга чақириб қолади.