Фарғона вилоят Монополияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Ёзёвон тумани Беруний МФЙ Субҳидам кўчаси 42-уйда яшовчи фуқаро Исмоилова Севарахон Тоировнанинг 2019 йил 19 июндаги туман электр таъминоти корхонаси томонидан 8 827 829 сўм қарздорлик ҳисобланганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.
Фуқаро хонадонига 28.03.2017 йил куни Ёзёвон туман электр таъминоти корхонаси ходимлари Х.Орипов, А.Рахматов, А.Хусановлар томонидан №302472-0001133-сонли далолатнома расмийлаштирилган ҳамда мазкур далолатномада яширин йўл билан электр ҳисоблагичдан ташқари электр тармоғига уланганлиги, электр тармоғига 3 та лампочка, 1 та розетка, 1 та плита электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига зид равишда уланганлиги аниқланганлиги расмийлаштирилган. Мазкур далолатномага асосан 29.03.2017 йил куни Ёзёвон туман электр таъминоти корхонаси ўринбосари М.Ғофуров, юрисконсулът С.Халилов, мухандис Ж.Ганиевлар томонидан қайта ҳисоб-китоб далолатномаси билан 8827829 сўм қайта ҳисоб-китоб ҳисобланган.
Фуқаро аризада мазкур ҳолат юзасидан ҳақиқатдан ҳам электр ҳисоблагичдан ташқари электр кабели хонадонга 2016 йил 16 октябрьʼ куни тўй муносабати билан тортилганлиги, қоидабузарлик факти хақиқатда мавжудлигини, лекин электр линиясига розетка ҳамда плита уланмаганлиги, кабелнинг хонадондаги қисмига фақатгина патрон ўрнатилганлиги билдирилган.
Далолатнома расмийлаштирилган даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 120-бандида “Маиший истеъмолчида ҳисобга олишни назорат қилиш приборларидан ташқари бошқа электр қабул қилгичлар уланганда ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили қоида бузилиши ҳақида белгиланган намунада далолатнома тузиши белгиланган. Қоидаларнинг 122-бандида “Электр энергиясидан фойдаланишда истеъмолчи томонидан йўл қўйилган қоидабузишлар ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари ва маиший истеъмолчи томонидан имзоланган икки нусхадаги далолатнома билан расмийлаштирилиши, унинг бир нусхаси маиший истеъмолчига берилиши, истеъмолчи имзолашни рад этган тақдирда қоида бузиш далолатномасида истеъмолчини таништирганлик тўғрисида белги қўйилиши белгиланган.
Лекин 28.03.2017 йил куни Ёзёвон туман электр таъминоти корхонаси ходимлари Х.Орипов, А.Рахматов, А.Хусановлар томонидан №302472-0001133-сонли далолатномага истеъмолчи ёки истеъмолчининг вакили томонидан имзо қўйилмаган бўлсада, истеъмолчини таништирганлик тўғрисида белги қўйилмаганлиги, белгиланган намунадаги далолатномаларда истеъмолчи (вакили) далолатномага имзо қўйишдан бош тортган тақдирда қўшимча далолатнома расмийлаштирилиши белгиланган бўлсада, қўшимча далолатнома расмийлаштирилмаганлиги, қоидабузарлик факти гувохлар, холислар иштирокида ёки бошқа далилий ашёлар билан тасдиқланмаганлиги аниқланди.
Юқоридагиларга асосан Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонасига фуқаро хонадонига ҳисобланган қайта ҳисоб-китоб хулосасини меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиши бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг кўрсатмасини бажариш мақсадида, тармоққа ноқонуний уланиш учун тўланган жарима миқдори ҳисобга олинган ҳолда, истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди 6 857 829 сўм ҳисобланган дастурдан чиқарилди.
МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҚЎМИТАСИ ИСТEЪМОЛЧИЛАРНИ ОГОҲЛАНТИРАДИ: ЭЛEКТР ЭНEРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗМАНГ!!!