Монополияга қарши курашиш қўмитасига «Nutella» товар белгиси остида шоколад ишлаб чиқарувчи Италиянинг «FERRERO S.p.A.» компанияси вакили мурожаат қилган. Аризачи ўз мурожаатида маҳаллий ишлаб чиқарувчи “POLAT A.S.» МЧЖнинг “Ramellа” шоколад пастасини ишлаб чиқаришда айнан бир хил қадоқлаш ва аниқ ўхшаш тасвирий элементлардан фойдалангани истеъмолчиларни ишлаб чиқарувчи ҳақида чалғитаётганини билдирган.
Шуни таъкидлаш керакки, 1987 йилда компания томонидан “Nutella” савдо белгиси халқаро миқёсда рўйхатга олинган. 2000 йилда «Ramella» компанияси ҳам тегишли тартибда рўйхатга олинади.
Бугунги кунда бу иккала ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон товар бозорида ўзаро рақобатчи субъектлар ҳисобланишади.
Аслида «Ramella» шоколадли пастасининг ёрлиғидаги дизайни “Nutella” савдо белгисига ўхшайдими, у ҳолда «POLAT A.S.»МЧЖ ҳақиқатан ҳам ноҳалол рақобатчими?
Мазкур масала махсус комиссия томонидан ўрганилиб, тегишли қарор қабул қилинди ва унга кўра «POLAT A.S.» МЧЖ Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасини биринчи қисми, учинчи хатбошисидаги товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи, сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш, хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) томонидан фуқаролик муомаласига киритиладиган товарни унинг ташқи безатилиши ва шаклини, номини, тамғаланишини, этикеткасини, ўровини, ранглар уйғунлигини, товар белгисини такрорлаш, реклама материалларидан ёки хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товарини индивидуаллаштирувчи бошқа элементлардан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш талаблари бузилгани маълум бўлди.
Шунингдек, жамият зиммасига қонун бузилишни бартараф этиш, келгусида бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мажбурияти юкланди.