– Тошкент шаҳри ҳокимияти қошида ДУК шаклидаги уй-жой коммунал соҳасидаги бошқарув компанияси ташкил этилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқалди – бу тўғрими? Шу ҳақда батафсил жавоб берсангиз.
Шаҳло Абзалова, «O’zbekiston24“ радиоси муҳбири
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, битта товар бозорида 5 ва ундан ортиқ ҳусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатадиган ҳудудларда давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этилиши йўл қўйилмайди. Президент қарори билан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектлар бундан мустасно. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида давлат унитар корхонасини ташкил этиш назарда тутилмаган. Эслатиб ўтаман, қонунчиликка мувофиқ бундай ҳаракатлар монополияга қарши курашиш органи билан келишиш белгиланган. Бу масала бўйича, Қўмитага Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳеч қандай ҳужжат лойиҳаси жўнатилмаган.
Ушбу мавзу юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимларидан суриштирилганда, бошқарув сервис соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида хорижий тажриба ўрганилганлиги, бироқ бугунги кунда пойтахт ҳокимлиги ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклида бошқарув компанияси ташкил этиш ишлари олиб борилмаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу бозорда кўп сонли корхоналар фаолият юритаётганини инобатга олиб, ягона давлат унитар корхонаси шаклида бошқарув компанияси ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслиги, аксинча ташкил этилаётган корхоналарни ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланиши, хусусан уларга моддий техник базасини яхшилаш, зарур анжомлар билан таъминлаш мақсадида субсидиялар ажратилиши ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганган ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Бекзод Умматов
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Раиси ўринбосари