Жорий йилнинг апрель ойида Урганч шаҳар, “Машъал Хоразм” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро янги сотиб олган хонадонига Урганч шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан янги электрон электр энергия ҳисоблаш ускунаси ўрнатиб берилади. Орадан кўп вақт ўтмасдан, телефон рақамига унинг электр энергиясидан 1 200 000 сўмдан ортиқ қарздорлиги тўғрисида смс хабар келиб тушганлигини кўрган истеъмолчи бу англашилмовчилик бўлса керак, деган мақсадда шаҳар электр тармоқлари корхонасига шошади. Лекин афсуски шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходимлари истеъмолчига ушбу қарздорликни тўлаши кераклиги, акс ҳолда тармоқдан ажратилган ҳолда қарздорликни ундириш чораси кўрилишини айтади. Истеъмолчи бу ҳисоблагич янги ўрнатилганлиги, бу уйда ҳеч ким истиқомат қилмаслигини ҳар қанча тушунтиришига қарамасдан, корхонанинг мутасадди ходимлари истеъмолчининг эътирозларини инобатга олмасдан, фуқарони ортига қайтариб юборишади.
Ушбу ҳолатдан норизо бўлган истеъмолчи Қўмитанинг ҳудудий бошқармасига мурожаат этади.
Ҳудудий бошқарма ходимлари ушбу мурожаат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Ўтказилган ўрганишлар давомида, истеъмолчининг шахсий абонент варақаси таҳлил қилиб кўрилди ҳамда абонентнинг шахсий ҳисоб рақами “Электрҳисоб” дастурига нотўғри киритилиб, истеъмолчига асоссиз равишда қарздорлик ҳисобланганлиги маълум бўлди. Ушбу нотўғри ҳисобланган қарздорлик тез орада истеъмолчининг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати