Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига Китоб туманидаги “Омад Сервис қурилиш” МЧЖ рахбари томонидан Қашқадарё вилоят электр тармоқлари корхонаси фаолиятидан норози бўлиб мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда келтирилишича Тадбиркорлик субъекти сифатида 2015 йилдан фаолиятини олиб бораётган корхонанинг асосий фаолияти қурилиш соҳаси бўлишига қарамай, қурилиш материаллари, саноат йўналишида қум-шағал, темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланиб келади ва бу борада анчагина муваффақиятларга ҳам эришиб бораётган эди.
Айниқса жорий йилда пандемия даврида юртимиздаги карантин ҳолатига қарамай корхона “Трансбанк” Қарши филиалидан жами
200 минг АҚШ доллари миқдорда банк кредити ҳисобига чет элдан олиб келинган бетон қориш, газоблок ва мель ишлаб чиқариш линияларини ишга тушириб, 50 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган эди.
Ҳозирги кунга келиб эса корхонанинг тўлов қобилияти сусайганлиги, ҳаражатлар миқдори даромадга нисбатан тез суръатда ўсаётгани сабаб ишчиларни лозим иш билан таъминлай олмаётганлиги ҳамда электр энергия сарфи борасидаги асоссиз ҳаракатлар корхона зиёнига хизмат қилганлиги тўғрисида баён қилинган.
Мазкур мурожаат юзасидан Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари ва таҳлиллар олиб борилди.
Унга кўра, Китоб-35/10 кВ подстанциясининг 10 кВли III-шиналар секциясида “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таъсарруфида бўлган заҳирада турган ВМГ-10 русумли бўйлама ҳужра (ячейка)да мавжуд ток трансформаторлари 2015 йилда “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг худудий бўлинмалари томонидан давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлигини маълум қилинган.
Натижада “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли “Китоб туман электр таъминоти корхонаси” томонидан “Омад Сервис қурилиш” МЧЖга 2015 йил август-декабрь ойларида ва 2016 -2020 йиллар (2020 йил январь-ноябрь ойлари) даврлари давомида истеъмол қилинган электр энергия ҳажми учун 100/5 ампер транформатор токи асос қилинган ҳолда 2000 коэффицент қўлланилган ҳолда жами 1.039.463.067 сўмлик тўлов ҳисобланган.
Юқорида қайд этилган асосларга кўра ҳақиқатда трансформатор токи 50/5 ампер эканлиги сабабли. “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли Китоб туман электр таъминоти корхонаси томонидан “Омад Сервис қурилиш” МЧЖга 519.731.533 сўмлик электр энергияси учун ортиқча тўлов ҳисобланганлиги аниқланди.
Юқоридаги ҳаракатлар, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-16-моддаларини бузилишига олиб келган. Мазкур мурожаат бўйича иш ҳудудий бошқарманинг махсус комиссия томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилиб, аниқланган қонунбузилиш аломатлари юзасидан “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖга нисбатан ҳисобланган асоссиз қарзни қайтариш кўрсатмаси берилган.
Ҳозирги кунга келиб мазкур кўрсатма тўлиқ бажарилиб, “Омад Сервис қурилиш” МЧЖ ҳисобига 501.642.430 сўмлик ассосиз олинган даромад қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати