Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Республика ҳудудида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар бозорида ўрганиш ишлари ўтказилди.
Бугунги кунда Республика ҳудудида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш хизматларни кўрсатувчи 296 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётганлиги маълум бўлди.
Ўтказилган ўрганишлар жараёнида айрим ҳудудларда транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган жарима майдонларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб рақамига келиб тушган маблағларнинг ўртача 10 фоизи асоссиз равишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари ҳисоб рақамларига ундирилаётганлиги маълум бўлди.
Натижада, ўтган 3 йил давомида тадбиркорлик субъектларидан асоссиз ундирилган қариб 400 млн сўм маблағ тадбиркорлик субъектларига қайтарилишига эришилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда ташкил этилган транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган жарима майдонларининг
50 фоизидан ортиғи амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги кузатилди.
Шу билан бирга мазкур бозорда, тенг рақобат шароитини ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича кўрсатилаётган хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибда танлов асосида танлаб олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Монополияга қарши курашиш кўмитаси Матбуот хизмати