Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқий базани янгилашни, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилишни тақозо этмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 27 сентябрдаги “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар биргаликда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, 2,5 мингга яқин бугунги кун талабига жавоб бермайдиган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқараётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган. Улар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиб, айримларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилди. Қарорда Адлия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг идоралараро комиссия ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Лойиҳа офисини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланган.
2022 йил 1 январга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш, шу жумладан, мақбуллаштириш, халқаро норма ва стандартлар билан уйғунлаштириш, замонавий талаблар асосида мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши қайд этилган. Шунингдек, Лойиҳа офиси томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бекор қилиш, уларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ёки халқаро норма ва стандартларни имплементация қилиш бўйича асослантирилган таклифларни идоралараро комиссияда кўриб чиқиш учун тақдим қилиши кўрсатиб ўтилган. Мазкур масалага оид яна бир муҳим ҳужжат Президентимизнинг 2021 йил 15 мартдаги “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Эътиборли томони шундаки, қарор билан эндиликда тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мажбурий тарзда тартибга солиш тизимини баҳолашдан ўтказилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва тартибга солиш тизимини баҳолаш бўйича ҳисобот Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан рақобатга таъсири жиҳатидан ўрганилади. Шунингдек, энди жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишув якунлари бўйича қайта ишланган лойиҳа ва тартибга солиш тизимини баҳолаш бўйича ҳисобот, шунингдек, тартибга солиш тизимини баҳолаш юзасидан хулоса бериш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар тегишли соҳага таъсирини баҳолашни ўрганиш учун хулоса берувчи органларга тақдим этилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ёки амалдаги ҳужжатларни рақобатга таъсирини ўрганишда бир қатор омилларга эътибор қаратилади. Жумладан, тегишли ҳужжатдаги нормалар товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларининг доираси ва сонини чеклашга олиб келмаслиги, товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, эксклюзив ҳуқуқлар, кафолатлар, енгилликлар, преференцияларни берилмаётганлиги ёки муддати узайтирилмаётганлиги, фаолият юритиш шарти сифатида рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи лицензиялаш ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиби ўрнатилмаётганлиги, айрим етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларини реализация қилиш имконини чекламаслиги лозим. Бундан ташқари, етказиб берувчининг товар ва молия бозорига киришидаги ёки ундан чиқишидаги харажатларини сезиларли даражада оширмаслиги, товар ёки молия бозори иштирокчиларига уларнинг бозорга киришига тўсқинлик қиладиган техник тартибга солишнинг янги шартларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ва хизматларини реализация қилиш ёки иш ўринларини яратиш, шунингдек, инвестиция киритиш имконини чекловчи географик тўсиқни ўрнатмаслиги, етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш ҳамда етказиб берувчиларнинг товарларга ва хизматларга нарх белгилаш имкониятини чегараламаслиги даркор. Шунингдек, рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларни, шу жумладан, етказиб берувчиларнинг ишлаб чиқариш, нархлар, айланмалар ёки харажатлар бўйича ахборотларини ёритишни талаб этмаслиги ёки рағбатлантирмаслиги, истеъмолчилар учун керакли ахборотни танлаш ҳамда ўз хоҳишлари асосида улар кимдан товар (иш, хизмат) сотиб олиш масаласини ҳал қилиш имкониятларини чегараламаслиги, истеъмолчиларнинг бир товар ёки маҳсулот етказиб берувчилардан бошқасига ўтишида нархни ошириб, уларнинг имкониятларини камайтирмаслиги, истеъмолчи учун товар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олишда зарур бўлган ахборотнинг асл моҳиятини ўзгартириб, натижада уларнинг адашишига олиб келмаслиги даркор. Норматив-ҳужжат лойиҳасида шу каби нормалар киритилган тақдирда, қўмита томонидан лойиҳани ўзгартириш бўйича ёки бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилади. Хулоса ҳужжат лойиҳаси ташаббускори (ишлаб чиқувчи) томонидан кўриб чиқилади ва Адлия вазирлигига Қўмитанинг хулосаси билан биргаликда киритилади.
Маълумот ўрнида таъкидламоқчимизки, Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилда 753 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилган бўлиб, шундан, 277 та (37 фоиз) ҳолатда лойиҳаларнинг рақобат қонунчилиги талабларига зид эканлиги бўйича хулосалар берилган. Шу билан бирга, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўрганиб чиқилиши натижасида 334 та ҳолатда рақобат қонунчилигига оид талаблар бузилганлиги сабабли тегишли муносабат билдирилган.
Каримжон МАМАТОВ,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Давлат кўмагини беришни назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш бошқармаси бошлиғи.