2021 йил 13 январь куни бўлиб ўтган машинасозлик тармоғини трансформация қилиш ва соҳада рақобатни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур тармоқ мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи йўналишларидан бўлиб, саноатдаги улуши 11 фоизни ташкил қилишини таъкидлаб, хорижий мутахассислар иштирокида “Ўзавтосаноат” фаолиятини трансформация қилиш офисини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.
Давлатимиз раҳбари локализация даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчилар учун бир хил шароитлар жорий этиш бўйича ҳам кўрсатма берди.
Компаниянинг маълум қилишича, Boston Consulting Group (BCG) компанияси билан биргаликда ташкил этилган трансформация офиси, «Ўзавтосаноат» АЖ ва унинг таркибий корхоналарини ислоҳ қилиш бўйича ўз фаолиятни бошлади.
Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу жараённи қўллаб – қувватлайди ҳамда трансформация жараёнларида автомобилсозлик соҳасини рақобатбардошлигини ва рақобат муҳитини яхшилаш буйича ўз амалий таклиф ва тавсияларини беришга тайёрлигини маълум қилади.