Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6019-сонли Фармони ижроси, шунингдек, рақобат қонунчилиги бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартда “Монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 114-сонли Қарори қабул қилинди.
Қарор иловаси билан “Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш ва унинг ишлаш тартиби тўғрисида” Низом, шунингдек, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш бўйича “йўл харита” тасдиқланди.
Юқоридаги Низом қуйидагилар учун тадбиқ этилади:
– 2021 йил 1 январдан – тажриба тариқасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда Президентнинг 2020 йил 6 июлдаги ПФ-6019-сонли Фармони билан тасдиқланган рўйхатга киритилган давлат иштирокидаги корхоналар;
– 2022 йил 1 январдан – табиий монополия субъектлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек охирги 3 йилда товар сотишдан олинган жами тушумнинг ўртача йиллик миқдори 30 миллиард сўмдан ошадиган корпоратив буюртмачиларда.
Шунингдек, монополияга қарши комплаенс тизимини ташкил этиш ва унинг ишлаш самарадорлигини баҳолаш:
– давлат бошқаруви органларида – раҳбар;
– маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида – ҳоким;
– хўжалик юритувчи субъектларда – ижро этувчи орган ёки кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.
Кутилаётган натижа:
Рақобат қонунчилиги талаблари бузилиши ҳавфини олдини олиш, ҳақиқий бизнес юритишнинг корпоратив стандартларини жорий этишга оид самарали тизим ташкил этилиши;
Бозор субъектининг ишбилармонлик обрўси ва рақобатга путур этказадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) нинг олдини олиш механизмлари асосида рақобатни ҳимоя қилишнинг янги модели шаклланиши;
Рақобат қонунчилиги талаблари бузилиши хавфларини олдини олиш ва қонунчилик бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда кейинги давр мобайнида уларга йўл қўймаслик;
Рақобат қонунчилигига зид ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) сонини қисқариши.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати