Техник ёрдам дастури доирасида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги мутахассислари учун «Давлат иштирокидаги корхоналарни корпоратив бошқариш – Ўзбекистонда мавжуд амалиёт ва халқаро тажриба » мавзусида ўқув семинари ўтказилди.
Ўқув семинар давомида корхоналарда корпоратив ва қонун хужжатларига мувофиқликни таъминлаш (комплаенс) маданиятини татбиқ этишда Кузатув кенгаши аъзоларининг аҳамияти ва ролига алоҳида эътибор қаратилди. Европа Иттифоқи мамлакатларида номзодларнинг мувофиқлигини баҳолашда кенг қўлланиладиган асосий мезонлар, баҳолаш тартиби, шунингдек компанияларнинг ишбилармонлик имиджини сақлашга доир амалиёти кўриб чиқилди.
Тренинг давомида ЕХҲТ ва Базел институти мутахассислари корхоналар ва жамиятларнинг Кузатув кенгаши аъзоларининг касбий тажрибаси, билим ва кўникмаларини, ишбилармонлик обрўсини ва қарор қабул қилишдаги мустақиллигини баҳолашнинг муҳим жиҳатлари, шунингдек комплаенс офицерлар (бўлимлар) фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан тушунтиришлар беришди
Шу билан бирга, экспертлар давлат иштирокидаги корхоналар ва жамиятларда мувофиқлик институтини жорий этишда давлат идоралари ва назорат органларининг муҳим ўрнини таъкидладилар. Хусусан, республикада олиб борилаётган сиёсат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва улар билан «G2B» шаклида ўрнатилган алоқа шаклларини юқори баҳоладилар.
Тренинглар интерактив кўринишда, аниқ вазиятлар усули (case-study)ни қўллаган ҳолда ўтказилди, Европа Иттифоқи давлатлари амалиётида учраган ҳолатлар таҳлил қилинди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати