Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг монополист ҳисобланган “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси томонидан қиёсловдан ўтказиш хизмат нархлари ошиб кетганлигидан ва монопол юқори нарх қўлланилаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатини ўрганиб чиқди.
“ЎзММИ” ДК томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархи 2020 йил 21 февралда тасдиқланган “Геометрик ва механик ўлчаш воситалари бўйича хўжалик шартнома ишлари учун нархларнинг вақтинчалик прейскуранти ва ушбу санада тасдиқланган Геометрик ва механик ўлчаш воситаларини давлат қиёсловидан ўтказиш хизмат нархи бўйича вақтинчалик прейскурантига асосан амалга оширилиб келинган.
Ўрганишга жалб қилинган мутахассислар ва “ЎзММИ” ДК ходимлари томонидан темир йўл шаблонларини турлари бўйича алоҳида-алоҳида гуруҳларга ажратиш, параметрлари бир-бирига яқин бўлган темир йўл шаблонларни бир гуруҳга ажратиш ва ушбу гуруҳлар бўйича алоҳида “Вақтинчалик прейскурант” ва вақт меъёрлари ишлаб чиқиш белгиланди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотларга қўшимча равишда қулайлик яратиш мақсадида “ЎзММИ” ДК томонидан темир йўл шаблонларини асосий мураккаб қисмларини текширишга келишилди ва бунинг натижасида шартномалар асосида белгиланган нарх ва тарифлар (нархнома, калькуляция) бўйича метрологик хизмат кўрсатиш вақти меъёри пасайишига эришилди.
“ЎзММИ” ДК томонидан 2020 йил март ойидан бошлаб темир йўл шаблонларини синовдан ўтказиш хизмати нархи ҳар бир донаси 318 263,9 сўмни ташкил этган бўлиб, 2020 йил ноябр ойидан бошлаб 198 914,9 сўм этиб белгиланди, яъни 38 фоизга туширилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати