2020 йил 30 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Монополияга қарши курашиш қўмитасида видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятлари ва “Ўзёғмойсаноат”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси вакили, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
16 январдаги “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзпахтаёғ” АЖ негизида Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилган.
Мазкур уюшма таркибидаги ёғ-мой корхоналари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда 191,4 минг тонна кунгабоқар ва 135 минг тонна кунгабоқар мойи импорт қилинган бўлса, 2019 йилда импорт ҳажми мос равишда 269 минг тонна ва 216 минг тоннани ташкил этган.
Таҳлиллар 2020/2021 мавсумда бутун дунёда кунгабоқар етиштириш ҳажми прогнозлари 56,1 млн. тоннагача, қайта ишлар ҳажмлари 51,2 млн. тоннагача камайиши кўрсатган. Бунда минтақада йирик экспортёр давлат ҳисобланган Россия Федерациясида кунгабоқар етиштириш прогнози
2019/2020 йилги мавсумдаги 15,3 млн. тоннадан 2020/2021 йилги мавсумда
13,5 млн. тоннагача камайтирилган. Натижада жорий йилда республикага кунгабоқар импорти ҳажми кескин қисқарган.
Ўтган йилларда республикага кунгабоқар донининг импорти ортиб борган бўлса, 2020 йилда импорт ҳажмининг пасайиши кутилмоқда.
Юқоридаги каби ҳолатлар хорижий давлатларнинг соя, кунгабоқар каби мойли хом ашё экспортига таъсири маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари таннархининг ошиши, ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини камайишига ва нарх борасида рақобатлаша олмаслигига сабаб бўлади.
Шу билан бирга, мажлисда соҳада соғлом рақобатнинг таъминланиши ва ички бозорни ёғ-мой маҳсулотлари билан тўйинтириш бўйича бир қатор масалалар ечими таъминланиши зарурлиги таъкидланди. Хусусан, мойли хом ашё базасининг чегараланганлиги оқибатида сўнгги уч йилда ёғ-мой корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси
50 фоиздан ошмаган.
Сўнгги йилларда маҳаллий хом ашё ресурслари қисқариб бориши натижасида ўсимлик (пахта) мойининг ишлаб чиқарилиши 2018 йилда
197 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2019 йилда 15 фоиз камайган. Шунингдек, ўсимлик мойининг чакана нархи бугунги кунда сезиларли даражада, яъни 22-30 фоизгача қимматлашган.
Ёғ-мой корхоналарида ем маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконияти бўлган ҳолда, ем маҳсулотлари (шрот ва шелухани) қисқа циклда қайта ишланиши билан чегараланган. Холбуки бу маҳсулотларни чуқур қайта ишлаб чорвачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва паррандачилик учун зарур бўлган импорт ўрнини босувчи экструдрланган омухта ем маҳсулотларини ишлаб чиқаришга эришиш мумкин.
Мажлисда “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан ҳам “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг ижро этилиши кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу уюшмага 550 га яқин ишлаб чиқарувчи корхоналар аъзо бўлиб, улардан 50 таси чармни қайта ишловчи, 9 таси қоракўлчилик, 35 таси чарм-атторлик ҳамда 302 таси пойабзал ишлаб чиқарувчилардир.
Соҳа корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 2020 йилда 28 та лойиҳа бўйича 101,2 млн. долларлик қийматдаги инвестицияларнинг ўзлаштирилиши,
2020-2022 йилларда умумий қиймати 421,0 млн. долларлик 248 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, мажлисда тизимда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи муаммоларни бартараф этиш мақсадида бир қатор амалга оширилиши талаб этиладиган ишларга урғу берилди.
Хусусан, тери хом ашёсини қайта ишлаш бўйича маҳаллий корхоналар қувватидан тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйиш ва қўшни давлатларда етиштириладиган йирик ва майда шохли моллар терисини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, республика божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хом ашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш, чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида масъул идораларга кўрсатмалар берилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.