Тошкент шаҳар Миробод туманида яшовчи Элбек Шариповнинг сўзларига кўра, 2018 йилда совуқ сув ҳисоблагичи бузилганлиги сабабли, совуқ сув учун киши бошига тўлаб келган. Яъни, коммунал хизмат ходими унга келади, истеъмолчи неча пул тўлаши кераклигини сўрайди ва қанча дейилса шунча тўлаган. Бошқа масалага эътибор қаратмаган.
Лекин, ўтган йилнинг охирида, истеъмолчи икки киши учун эмас балки тўрт кишига тўлаётганини билиб қолган.
Шундан сўнг унда савол туғилган икки киши истиқомат қилаётган хонадонда қандай қилиб тўрт киши бўлиб қолади?
Элбек Шарипов шу йилнинг январ ва июль ойларида хонадонида икки киши яшашини тасдиқловчи барча ҳужжатларни топширади. Лекин…
Иккала ҳолатда ҳам «Тошкент сув таъминоти» МЧЖнинг Миробод тумани бўлимида юқоридаги ҳужжатлар йўқолган, бунинг натижасида, мурожаат ўрганилмаган.
Шундан сўнг истеъмолчи бу муаммони ҳал этишда Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этади. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида биз истеъмолчи хонадонига ташриф буюрдик ва «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ ва Миробод тумани бўлими вакилларини чақирдик.
Якунда, ташкилот ўзи томондан йўл қўйилган айбни бўйнига олиб, Шариповга барча тўланган пулларни қайта ҳисоб-китоб қилиб берди. Натижада, истеъмолчида 305 минг сўмлик олдиндан тўлов ҳосил бўлди.
Албатта, ҳаммаси яхшилик билан тугади. Аммо… Ҳар бир коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот ходимлари ўз ишларига масъулият билан ёндашганларида, истеъмолчиларнинг шу каби муаммолари бўлмасди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати