Бир неча кун аввал телеграмм-каналларнинг бирида Наманган вилояти аҳолисининг мурожаатига дуч келдик. Унда, “Қаҳрамон” маҳалласининг “Элатан” кўчасида ўрнатилган устунлардаги юқори вольтга эга электр узатгич симларининг тартибсиз осилиб қолгани айтилган. Мазкур ҳолат қанчалик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ортиқча изоҳсиз тушуниш қийин эмас.
Ушбу муаммонинг ечимини ҳал қилиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси шуғулланишни бошлади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Қўмитанинг Уй-жой коммунал хўжалиги, қурилиш ва транспорт соҳасидаги истеъмолчиларни ҳимоя қилиш бўлими ўз зиммасига олди.
Ушбу вазиятни тўла-тўкис таҳлил қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар вилоятнинг Уйчи туманидаги электр тармоқлари корхонасига юклатилди. Натижада, улар топширилган вазифани бажариб, мурожаатда таъкидланганидек, устунларда осилиб қолган электр узатгич симларини, баландроқ қилиб, ўз ҳолатига қайта ўрнатдилар. Ўз навбатида, шикоятчилар ҳам мамнун бўлдилар. Ўзингиз ўйлаб кўрин, сиз истиқомат қилаётган хонадонингиз томи устидан ўтган юқори вольтли электр симлар бир тартибда тизилиб эмас, балки деярли унинг устига ётиб қолган бўлса? Бир тасаввур қилиб кўрин?
Ҳурматли истеъмолчилар, агар сизда шунга ўхшаш ҳолат кузатилса ёки юз берса-ю, сиз мурожаат қилган коммунал хизмати корхоналаридан ҳеч қандай садо чиқмаётган бўлса, ёки улар томонидан амалга оширилган ишлар сифатсиз бажарилган бўлса, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёки унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Шунингдек, Республикамизнинг барча вилоятларида Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ҳам фаолият юритмоқда. Улар билан қуйидаги ҳавола орқали боғланишингиз мумкин: https://raqobat.gov.uz/uzb/qo-mita/hududiy-boshqarmalar/
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Матбуот хизмати