Монополияга қарши курашиш қўмитасига «PERFECT CANDY» (Ўзбекистон) компанияси томонидан «Usta Xasan Qandolatchi» корхонаси фаолияти устидан шикоят аризаси келиб тушди.
Ўрганишлар натижасида, «PERFECT CANDY» МЧЖ ширинликлар ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, «ZEBRA» савдо белгисининг ҳақиқий эгаси ҳисобланади. Шунингдек, «ZERDA» қадоқлари «ZEBRA» савдо белгиси остидаги ширинлик қадоқлари билан нафақат кўриниши, балки талаффузда ҳам ўхшашлиги билан истеъмолчиларни адаштириши мумкинлиги аниқланган.
Бундан ташқари, «PERFECT CANDY»нинг «MUSAFFO ZEBRA» савдо белгиси бир нечта элементларни ўз ичига олган маҳсулот сифатида «ZEBRA» номи билан рўйхатдан ўтган. Бу эса, бозорда ўхшаш номли маҳсулотлар мавжудлиги, истеъмолчиларни маҳсулот сотиб олишда адаштириши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Махсус комиссияси йиғилишида мазкур иш кўриб чиқилди ҳамда «ZERDA» ширинликларининг савдоси, ноҳалол рақобат эканлиги тан олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган тарафга нисбатан «ZERDA» ширинликлар савдоси билан шуғулланиш ва уни ишлаб чиқариш ҳолатларини тўхтатиш, бир ой муддат ичида барча омборлардаги қутилар ва бошқа ўхшаш қадоқларни йўқ қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати