Қарор лойиҳаси 2-бандида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Қашқадарё ва Жиззах вилоятилари ҳокимларининг “Indorama Agro” MЧЖ XK ва “Pahtakor Tex” МЧЖ пахта тўқимачилик кластерлари тўғридан-тўғри тузилган шартномаларига асосан иловадаги рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган қишлоқ хўжалиги техникалари ва эҳтиёт қисмларини:
2021 йил 31 декабрга қадар божхона божидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиш;
қўшилган қиймат солиғини тўлашни 270 кун муддатга кечиктириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга шартномалар тузишда устунлик бериш, уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериш тақиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги ПҚ-3756-сонли “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурлиги, вақтинчалик имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сонли “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишга чеклов чораларини белгилаш ва амалдаги корхоналарни қайта ташкил этиш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш амалиётидан воз кечиш кўзда тутилган.
Қўмита томонидан мазкур қарор лойиҳасини Адлия вазирлигида 2019 йил 19 апрелда 3155-сон билан рўйхатга олинган Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш методикаси асосида ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни талабларига зид бўлган нормалар киритилганлиги юзасидан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига эътирозлар юборилди ва қарорни қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топилди.
ХУЛОСА: regulation.gov.uz – ID 20130
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати