Наманган вилоятида жойлашган “Мехмаш” МЧЖ металл винтлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу корхонанинг раҳбари Ходжаев иш билан ёки меҳмонга қўшни вилоятга боради ва не кўз билан кўрсинки унинг корхонаси номи туширилган қоғоз идишларда бошқа маҳсулотлар сотилмоқда.
Жуда сергак бўлган тадбиркор шу заҳотиёқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ариза ёзади. Улар эса ўз навбатида, тадбиркор мурожаатини бизга Монополияга қарши курашиш қўмитасига жўнатишади. Бу билан улар тўғри иш қилишган, зеро мурожаатда кўрсатилинган муаммо “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси бузилиши бўлиб, айнан бизнинг ваколатимиздаги масаладир!
Хуллас, мурожаатни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Фарғона вилояти бошқармаси билан Фарғона вилояти Данғара туман Прокуратураси ўзаро ҳамкорликда ўргана бошлашди. Ўрганишлар натижасида қонунбузарликни содир этган ташкилот номи “Металл сервис инвест” МЧЖ бўлиб чиқди. Сўроқ давомида корхона ташкилотининг раҳбари тадбиркорлик субъекти унчалик катта бўлмаганлиги сабабли, маҳсулотларига маҳсус қадоқлаш идиши ишлаб чиқармаслигини ва имкониятдан келиб чиқган ҳолда дуч келган қадоқ идишларга винтларини жойлаб сотаркан. Ҳусусан, “Мехмаш” МЧЖ номи туширилган қадоқ идишларни ҳам, чиқинди қоғозлар, яъни, макулатура сотиладиган жойдан харид қилиб олиб, маҳсулотини сотаётганини маълум қилган. Албатта бу билан қонунбузар ҳеч қандай ғализ ниятни кўзламаган.
Нима бўлган тақдирда ҳам Қонун бузилиши содир этилган. Ҳеч қандай ёмон ният бўлмасада, Қонунни билмаслик жазодан қутилиб қолишига сабаб бўлмайди. Биринчи галга бу ҳолат бошқа такрорланмаслиги ҳақидаги кўрсатма билан суриштирувларни тугатдик. Лекин, юқоридаги вазият яна такрорланса, унда иш маъмурий жавобгарликка тортилиш билан тугаши мумкин.
Ҳа айтганча, “Мехмаш” МЧЖ номи туширилган қоғоз қутилар ёқиб юборилди!
Қиссадан ҳисса шуки, маҳсулот ишлаб чиқарар экансан унинг танилиши йўлида ҳам ўзига яраша меҳнати борлигини унутма! Бизнесда эса ўзганинг номидан фойдаланма.
Яна бир маълумот, яхши молни макулатурага жўнатишмайди. Шуни ҳам унутманки, қадоқлар қайта ишлаш учун юборилган эди…
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати